Шаҳар ҳокимининг топшириғи – Андижонда депутатлар нега тинтув қилингани очиқланди
Жамият
−
18 Май 2021
15505Аввалроқ Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг навбатдаги сессиясида бир гуруҳ депутатлар тинтув қилингани ҳақида хабар берилганди. Миллий гвардия Ахборот хизмати ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, кеча, 17 май куни Андижон вилояти Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг VI чақириқ ХХ сессияси Андижон шаҳрида жойлашган 2-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида ўтказилиши режалаштирилган.
Шу куни мазкур бинога Андижон шаҳар ИИБ бошлиғининг сўровномасига асосан, шаҳар Қўриқлаш бўлими ходимлари жамоат тартибини сақлаш учун ўрнатилган тартибда хизматга жалб қилинган.
Қайд этилишича, мазкур сессия кун тартибига Андижон шаҳар прокурори томонидан киритилган тақдимнома асосида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунида белгиланган тартибда шаҳар Кенгаши депутати Ш.Каримовни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласи қўйилган.
“Шу сабабли, Андижон шаҳар ҳокимининг топшириғига асосан, сессия иши бошлангунга қадар Андижон шаҳар ИИБ, шаҳар прокуратураси ва ҳокимлигидан ажратилган масъул ходимлар кузатуви остида қўриқлаш ходими томонидан ташриф буюрган сессия қатнашувчилари металлодетектор ёрдамида кўрикдан ўтказилган ва уяли алоқа ҳамда овозли видеога олувчи воситаларини қолдириб киришлари талаб этилган”, дейилади хабарда.
Баёнотга кўра, тарқатилган хабарда акс эттирилган қўриқлаш ходими билан боғлиқ видеотасвир юқорида қайд этилган масъул ходимларнинг биргаликдаги назорати жараёнидан тасвирга олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ бу воқеага Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев муносабат билдирганди.
“Катта эҳтимол билан депутатларнинг дахлсизлик ҳуқуқига ҳам тупуриб, тинтув ўтказишга топшириқ берганлар ер сотиш ишларига дахлдор ва депутатни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиб қамашга иштиёқманд “ўша” шахслар бўлиши керак”, деб ёзганди у.
Расул Кушербоев, шунингдек, “ноқонуний тинтув ўтказилишига келганда тақдимнома киритган қонун ҳимоячиси – прокурорнинг кўзи қаерда қолди, деган савол очиқ қолаётганини” қайд этган.
LiveБарчаси