Бош муфтийга пичоқ билан ҳужум қилган йигит 26 йилга қамалди
Олам
−
10 Февраль
20869Аввалроқ, Тожикистонда мамлакат бош муфтийси Абдулқодирзода Саидмукаррамга пичоқ билан ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берган эдик. Оқибатда муфтий яраланган, бироқ уни шифохонага ётқизиш талаб қилинмаганди. Ҳужум қилган шахс эса қўлга олиниб, унга нисбатан жиноий иш очилганди. Йигит 26 йилга қамалди. Бу ҳақда “Asia-Plus” хабар берди.
Абдулқодирзода Саидмукаррам жорий йилнинг 7 февралдаги жума хутбасида ҳужумчининг 26 йиллик қамоқ муддатини тилга олган, бироқ кейинроқ “Asia-Plus”га берган интервьюсида тафсилотларни айтишдан бош тортган. У ўз ваъзида бу йигитнинг “адашгани, алдангани ва нима қилганини тушунмаганини” айтди.
“У келиб, намоз ўқиди, намоздан сўнг барчага, шу жумладан, унга ҳам омонлик тиладим. Лекин, масжиддан чиққандан кейин менга ҳужум қилди”, дея эслайди муфтий.
Тожикистон Олий суди бу иш бўйича ҳукм чиқарилганини тасдиқлади, бироқ у ҳали қонуний кучга кирмаганини баҳона қилиб, тафсилотларни беришдан бош тортган. Икки манбанинг “Asia-Plus”га маълум қилишича, мамлакат муфтийсига ҳужумда айбланган уч киши судланган, асосий гумондор 26 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Манбалар қолган икки судланувчига нисбатан чиқарилган ҳукм тафсилотларини ошкор қилишдан бош тортган. Уларнинг шахси, хусусан, ҳужумни амалга оширган йигит ҳақида кам маълумот мавжуд. Унинг отаси мактаб ўқитувчиси, онаси эса мактаб фарроши бўлган. Йигит жиноятни содир қилганда 24 ёшда ва талаба бўлган.
Аввалроқ матбуот анжуманида Абдулқодирзода Саидмукаррам унга пичоқ билан ҳужум қилган йигит экстремизмда айбланаётганини маълум қилганди. Муфтий бу жиноятни “экстремистик гуруҳ аъзоси” содир этганини қисқача айтиб ўтган, бироқ айбловга аниқлик киритмаган.
Маълумот учун, воқеа 2024 йилнинг 11 сентябрь куни Душанбе марказий масжиди ёнида рўй берган. Номаълум шахс Абдулқодирзода Саидмукаррамга пичоқ билан ҳужум қилганди, оқибатда муфтий пешонасидан яраланганди.
Шундан сўнг Ички ишлар вазирлиги бир киши безорилик ниятида муфтийга пичоқ билан ҳужум қилиб, жамоат тартибини бузганини маълум қилди ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бироқ ИИВ унинг исми-шарифи ва қайси моддада айбланаётганини ошкор қилмади. Орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтиб – ўтган йилнинг 17 октябрь куни Абдулқодирзода “бу йигит экстремист бўлган” дея иш юзасидан изоҳ берганди. 61 ёшли муфтий Тожикистон Уламолар кенгашини 2010 йилнинг октябридан буён бошқариб келган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Истанбулнинг Фотиҳ туманидаги масжидга ташриф буюрганлардан бири имом ва ибодатчилардан бирига пичоқ билан ҳужум қилганди. Ҳодиса намоз вақтида жамоат аъзоларидан бири масжид ичида ўзини провокацион тута бошлаганида содир бўлган.
LiveБарчаси
Германия Озарбайжондан кечирим сўради.
01 Апрель