Тожикистонда собиқ ташқи ишлар вазири 27 йилга қамалди
Олам
−
05 Февраль 2025 13743 2 дақиқа
Бугун, 5 февраль куни Тожикистон Олий суди давлат тўнтаришига уриниш бўйича айблов доирасида собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифийни 27 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Бу ҳақда “Asia Plus” хабар берди.
Маълум қилинишича, энг узоқ муддат – 27 йиллик қамоқ жазоси собиқ вазирга, шунингдек, парламентнинг собиқ депутати ва Тожикистон демократик партияси раиси Саиджафар Усмонзодага берилган. Суд Демократик партия раисининг собиқ ўринбосари, журналист Аҳмадшоҳ Комилзодани 18 йилга, Социал-демократик партия раиси ўринбосари, ҳуқуқшунос Шокиржон Ҳакимовни 18 йилга, журналист ва Шокиржон Ҳакимовнинг жияни Рухшона Ҳакимовани 8 йилга ҳукм қилган.

Ушбу ишга алоқадорлардан бири, собиқ қўмондон Жамшид Боев қандай жазо олгани маълум қилинмаган.
“Суд қарори асосида Ҳамрохон Зарифий ва Саиджафар Усмонзоданинг мол-мулки мусодара қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 январь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги тергов изоляторида бўлиб ўтган суд мажлисида “давлат тўнтариши иши”га алоқадор таниқли шахслар ҳукм эълон қилинишидан аввал ўз айбини тан олмаслигини билдирганди. Тожикистон собиқ ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий нафақага чиққанидан кейин ўзини бутунлай илм-фанга бағишлагани ва сиёсатдан узоқлашганини айтган. Тожикистон Республикаси социал-демократик партияси раҳбарининг биринчи ўринбосари, адвокат Шокиржон Ҳакимов ҳам ўзига қўйилган барча айбловларни рад этиб, у “ҳақиқий ватанпарвар, ўз ҳаётини давлат ва халқ муаммоларини ҳал этишга бағишлаган”ини таъкидлаган. Якуний сўзларни айтганларнинг барчаси суддан уларни озод қилишни сўраган.
Live
Барчаси