Болгария 2026 йил 1 январдан еврога ўтади
Олам
−
29 Декабрь 2482 2 дақиқа
Келаётган 2026 йил 1 январдан бошлаб Болгарияда евро амал қилишни бошлайди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.
Қайд этилишича, аввалроқ бу қадам юқори инфляция сабабли кечиктирилган. Ўшанда Европа комиссияси мамлакат иқтисодиёти еврога ўтишга тайёр эмас, деган хулосага келган. Эндиликда эса барча шартлар бажарилди ва Болгария Евроиттифоқнинг валюта иттифоқига қўшилмоқда.
Европа истеъмолчилари марказининг фикрича, бу қарор сайёҳлар ва бизнес учун сезиларли фойда келтиради. Аввало, валюта айирбошлаш зарурати йўқолади. Демак, на комиссиялар бўлади, на курслар тебраниши билан боғлиқ хатарлар. Бундан ташқари, Болгарияда ҳам, ундан ташқарида ҳам нархларни солиштириш анча осонлашади, чунки ҳисоб-китоблар ягона валютада амалга оширилади.
Болгария ҳукумати бир ойлик ўтиш даври бўлишини белгилаган. 2026 йил январь ойида дўконлар, меҳмонхоналар ва кафеларда ҳам левда, ҳам еврода тўлов қилиш мумкин бўлади. 2026 йил 1 февралдан бошлаб лев қонуний тўлов воситаси бўлишдан чиқади. Шундан сўнг, болгар банкноталарини фақат мамлакат ҳудудида – банклар ва почта бўлимларида алмаштириш мумкин бўлади. 2025 йил декабрь ҳолатига кўра, курс: 1 лев = 0,51 евро.
Янги валюта ягона янгилик эмас. Болгария Европага яқинлашиш йўлида яна бир қадам ташлади. 2024 йил 31 мартдан бошлаб мамлакат расмий равишда Шенген ҳудудига қўшилган, бу эса миллионлаб сайёҳлар учун саёҳатларни осонлаштирди. Энди парвозлар ёки паром орқали сафарларда паспорт назоратидан ўтиш шарт эмас. Шенген давлатларидан келаётган сайёҳлар Болгарияга текширувларсиз уча олади, бу эса аэропортлардаги навбатларнинг йўқлигини англатади.
Live
Барчаси