Болгария ҳам Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатганини эълон қилди
World
−
18:45 251 3 minutes
Болгария Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатди. Бу ҳақда бугун, 14 ноябрь куни мамлакат Бош вазири Румен Радев Дублиндаги Европа Иттифоқи саммитида маълум қилди.
“Биз энди Болгария армияси омборларидан [Украинага – таҳр.] қурол-яроғ ва ўқ-дорилар етказиб бермаймиз”, дейди Болгария Бош вазири.
Бундан ташқари, София Киевга молиявий кўмак кўрсатишни ҳам тўхтатади, бироқ гуманитар ва тиббий ёрдам, шунингдек, Украинада электр таъминотини тиклаш доирасидаги “механизмларни муҳокама қилишга тайёр”.
Бош вазир молиявий ёрдамдан воз кечилишини Болгарияда зарур захиралар етишмаслиги билан, ҳарбий етказиб беришларнинг тўхтатилишини эса Украина ва Россия армиялари ўртасидаги жанговар ҳаракатлар хусусияти ўзгаргани билан изоҳлаган. Уруш бошида Украина Қуролли кучлари совет намунасидаги қуролларга эҳтиёж сезган, Болгария томони бу борада Киевга ёрдам бера олган ва шундай қилган ҳам, бироқ 2026 йилга келиб урушнинг асосий қуроли учувчисиз учиш аппаратларига айланган.
“Болгария Украинада ўт очишни тўхтатиш бўйича саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди ва “куч позициясидан тинчлик ўрнатиш” ёндашувига қарши чиқади”, дейди ҳукумат раҳбари.
Маълумот учун, Россия Қуролли кучларининг Украинага кенг кўламли бостириб киришининг дастлабки ойларида Болгариянинг ҳарбий ёрдами муҳим роль ўйнаган. София 2022–2023 йилларда мудофаа томонига қарийб 2,2 миллиард долларлик ресурслар юборган. Болгария етказиб берган маҳсулотлар Киевнинг дизель ёнилғисига бўлган эҳтиёжининг тахминан 40 фоизини ва совет калибрли снарядларга бўлган эҳтиёжининг 35 фоизини қоплаган. Софиядаги европапараст марказчи ҳукуматларнинг кўмаги Ғарбдан таъминот бошлангунига қадар бўлган оғир даврда Украина кучларига дош бериш имконини берган эди.
Бироқ Киевга ёрдам кўрсатиш Болгариядаги ички сиёсий беқарорлик даврига тўғри келди – ўшанда ушбу Болқон республикасида ҳукумат инқирози туфайли беш йил ичида саккиз марта парламент сайловлари ўтказилган эди. Натижада 2026 йил апрель ойида бўлиб ўтган навбатдаги овоз беришда собиқ президент Радевнинг “Тараққийпарвар Болгария” сўл партияси ғалаба қозонди. У узоқ вақтдан бери Халқ мажлисидаги мутлақ кўпчилик асосида ҳукумат тузган биринчи бош вазир бўлди. Радевнинг иттифоқчиси Илияна Йотова эса 1 ноябрь куни Болгарияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ҳам ғалаба қозонди.
Радев дастлаб ўзини Украинадаги низони тинч йўл билан ҳал этиш, Россия билан музокаралар олиб бориш ва Киевга ҳарбий ёрдамни қисқартириш тарафдори сифатида кўрсатган. Шу билан бирга, сиёсатчи кузда Кремлнинг Европадаги гибрид операциялари унинг мамлакатига ҳам зарар етказаётганини тан ола бошлаган.
“Томонлардан бирортасига қарши айблов илгари суриш учун бизда жўяли ва бир маъноли далиллар йўқ, бироқ мантиқ ушбу натижа Россия Федерацияси учун фойдали эканини кўрсатмоқда”, деган Радев 13 октябрь куни Болгария ҳудудий сувларида юк кемаларига учувчисиз учиш аппаратлари ҳужум қилганидан сўнг Москва элчисига.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Украина учун АҚШ қуролларини харид қилишга маблағ ажратишни тўхтатиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
AllBAAdagi YTHda 14 kishi halok bo'ldi
13 November
Eronda raketa uchirish qurilmasiga zarba berildi
13 November