Болалар порнографиясини тарқатган шахс 2 йилга қамалди
3-саҳифа
−
18 Март 3332 1 дақиқа
Болалар порнографиясини тарқатган шахсга 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Қайд этилишича, 2025 йилнинг август ойи якунида Болалар омбудсманига жамоатчилик фаолларидан болалар порнографиясига оид жиноят тўғрисида хабар тушган. Болалар омбудсманининг тезкор расмий сўрови асосида мазкур ҳолат ИИВ Тергов департаменти томонидан ўрганилган.
Ўрганиш натижасида вояга етмаган шахс тасвирланган порнографик маҳсулотларни тарқатиш факти юзасидан Жиноят кодексининг 130-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Дастлабки тергов тамомланганидан сўнг мазкур жиноят иши судда кўриб чиқилиб, жорий йилнинг 12 февраль куни суднинг айблов ҳукми эълон қилинган.
Ҳукмга кўра, жиноятни содир этишда айбдор деб топилган Ж.А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 130-моддаси 3-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззах ва Тошкент вилоятларида вояга етмаганлар иштирокидаги порнографик материалларни интернет орқали тарқатиш билан шуғулланган шахслар аниқланган эди.
Live
Барчаси