Оҳангарондаги вазият назоратга олинди – Болалар омбудсмани

3-саҳифа

image

Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида вояга етмаган 14 ёшли қиз ўзига нисабатан патруль-пост хизмати ходими тегажоғлик қилганини билдиргани ҳақида хабар берилган эди. Бироқ кейинроқ Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси матбуот котиби Бобур Тўлаганов мазкур иддаони рад этди. Болалар омбудсмани ушбу ҳолат назоратга олинганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан ИИБ томонидан хизмат текшируви тайинланган. Оҳангарон шаҳар прокуратураси терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.

“Болалар омбудсмани вояга етмаганнинг манфаатлари юзасидан ўз кузатувини давом эттиради. Бу борада қўшимча тарзда ахборот тақдим этилади”, дейилади хабарда.

Қизнинг иддаоси

Машинада бўлган 14 ёшли қиз ҳолатни бошқача тасвирлайди. Унинг таъкидлашича, ўша куни кечқурун дугоналари билан кўчада ўтирган вақтида уларнинг олдига Spark автомобили келиб тўхтаган ва уларни мажбуран машинага миндирган.

“Бизнинг олдимизга Spark автомашинаси келди ва ҳайдовчи менга машинага ўтиришимни айта бошлади. Мен рад этдим, лекин у қўпол тарзда менга автомобилга ўтиришимни айтди. Мен уни ходим, менга ҳеч нарса қилмайди, деб ўйладим. Машинага ўтирганимдан сўнг, у бизни жуда узоққа олиб кетди, машинани ўчириб, бизга тегажоғлик қила бошлади”, деган 14 ёшли қиз.

ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ҳодиса юзасидан маълумот бериб, тергов бошланганини очиқлаган.

“Ички ишлар вазирлигининг Ички хавфсизлик бўлими прокуратура билан биргаликда ушбу ҳодиса бўйича дарҳол тергов бошлади. Ҳодисанинг барча иштирокчилари ва ҳолатлари аниқланди. Нашрларда тилга олинган ходим лавозимидан четлаштирилди. Агар даъво қилинган ҳаракатлар тасдиқланса, уларнинг ҳаракатлари жиноий жавобгарликка тортилади”, дейилади хабарда.

ИИББ муносабати

Жорий йилнинг 27 апрель куни, соат тунги 00:40 да Оҳангарон шаҳар ИИБ ППХ ходимига, таниши 22 ёшли А.К. (аёл) қўнғироқ қилиб, ундан маслаҳат олиш заруратини айтиб чақирган. ППХ ходими етиб борган вақтида, 22 ёшли А.К.(аёл) билан унинг 14 ёшли қиз таниши бирга чиқиб, ходимнинг машинасига ўтирган. Шу вақтда 18 ёшли А.Х., 4 нафар танишлари билан келиб, ходимни ҳақоратлаб, жанжал кўтарган.

Қайд этилишича, ўзини “акасиман” деб таништирган йигит аслида 14 ёшли қизнинг ҳеч қандай қариндоши ҳисобланмайди.

“Ҳолатда вояга етмаган қизнинг иштироки бўлгани сабабли, тўлиқ тафсилотлар ҳозирча очиқланмаган. Иш якунига кўра, ёлғон ахборот тарқатган шахсларга нисбатан маъмурий, оғир оқибатларга олиб келган тақдирда жиноий жавобгарлик чоралари кўрилади”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент Оҳангарон Болалар омбудсмани

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг