Бокс жамоаси бош мураббийи Олимпиадада юрак хуружига учради (видео)
Спорт
−
11 Август
63002Ўзбекистон бокс жамоаси бош мураббийи Тўлқин Қиличев Париждаги “Roland Garros” аренасида Ҳасанбой Дўсматовнинг Олимпиада чемпионлиги нишонланганидан сўнг юрак хуружига учради. Бу ҳақда “The Guardian” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Рио–2016 Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов олтин медаль учун 51 килограмм вазн тоифасида ҳал қилувчи баҳсда мезбон боксчи Беннама Билолга қарши рингга кўтарилган. Якунда Дўсматов ғалаба қозониб, икки карра Олимпиада чемпионига айланган. Ғалабани кўрган вақтда мураббий Тўлқин Қиличевнинг соғлиги ёмонлашиб, юрак хуружига учраган.
Мураббийнинг атрофида бўлган Буюк Британия шифокорлари унга бирламчи тезкор тиббий хизмат кўрсатган. Бироқ, 2-3 дақиқада ҳам мураббий ўзига келмаган. Шифокор Ҳарж Сингх ва физиолог Робби Лиллис Қиличевнинг ҳаётини сақлаб қолган. Сўнг мураббий шифохонага юборилган.
“Ўзбекистоннинг мураббийлар жамоаси кийиниш хонасига қайтиб келди ва уларнинг ҳаммаси байрам қилди, Дўсматовнинг ғалабасини нишонлади. Кейин эса бирдан ўша ҳудуддан умуман байрам кайфиятига алоқадор бўлмаган бақириқлар эшитилди. Доктор, доктор керак, деган овоз эшитилди. Ҳарж жавоб берган биринчи одам эди ва мен ўзимиз билан олиб юрадиган фавқулодда травма сумкаси билан унга эргашдим. Ҳарждан 30 сония ўтиб келганимда, у аллақачон мураббийда юрак массажини бажаришни бошлаган эди. Дастлаб у ўзига келмади, лекин 20-30 сониядан сўнг, Ҳарж юрак массажини давом эттиргандан сўнг, у бирдан ҳушига келди”, деган физиолог Робби Лиллис.
Лиллиснинг қайд этишича, шифокор воқеадан кейин мураббийдан хавотир олиб кечқурун умуман ухламаган.
“Мен кимнингдир омон қолишига ҳисса қўшганимдан миннатдорман”, деган шифокор.
Ўзбекистон бокс федерациясининг маълум қилишича, Тўлқин Қиличевнинг соғлиғи мўътадил, ўзини яхши ҳис қилмоқда.
“Куни кеча терма жамоамиз бош мураббийи Тўлқин Қиличев соғлигида бироз муаммолар кузатилган ҳамда спортчилар кийиниш хонасида ташкилий қўмита шифокорлари томонидан мураббийимизга зудлик билан биринчи ёрдам кўрсатилган. Ҳозирги кунда мураббийимизнинг соғлиги мўтадил, ўзини яхши ҳис қилмоқда. Бироз муолажалар олиши талаб этилади”, дейилган хабарда.
LiveБарчаси