Муҳаммад Алидан намуна олиб: Ҳабиб Африкага ишора қиляпти
Спорт
−
18 Ноябрь 2019
6651Мутлақ жанглар чемпионатининг (UFC) енгил вазн тоифасидаги чемпиони Ҳабиб Нурмуҳамедов ўзининг кейинги жанги учун жой қидиряпти. Спортчи Insragram`даги постларидан бирида экзотик жойда октагонга чиқишга қарши эмаслигини ёзган.
“Африкада жанг қилиш катта шараф бўларди”, деган Ҳабиб.
Спортчи постида боксчи Муҳаммад Али ва Жорж Форманнинг афсонавий жангидан видео парча келтирган. Бу жанг 1974 йилда Конго Демократик Республикасида, кучли жала бўлаётган ва намлик даражаси кескин ошиб кетган вақтда бўлганди.
Спорт тарихига ушбу қарама-қаршилик “Жунглидаги жанг” номи билан кирган. Афсонавий Муҳаммад Али тўлиб-тошган 60 минглик арена ва 1 млрддан ортиқ телетомошабинлар кўз ўнгида рақибини 8-раундда нокаутга учратган.
Ҳабибга Африка қитъаси нисбатан яқин ҳисобланади. 2018 йилнинг кузида спортчи Нигерияга бориб, у ерда муҳтожларга тиббиёт маркази, мактаб қуриш ҳамда қудуқ очишга ёрдам кўрсатган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳабиб Нурмуҳамедовнинг навбатдаги жанги Тони Фергюсонга қарши бўлади. Жанг келаси йилнинг 1-чорагида ўтиши кутиляпти.
LiveБарчаси