Боғча пули, Аи-80 маркали бензин, табиблар-у кластерлар - 1 майдан нималар ўзгаради?
Таҳлил
−
30 Апрель 2020
21269Жорий йилнинг 4 апрель куни Ўзбекистон Републикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Нефть-газ тармоғининг молиявий барқарорлигини ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини имзолади.
Унга кўра, 1 майдан бошлаб Аи-80 маркали автомобиль бензини ва дизель ёқилғиси (шу жумладан, ЭКО маркали дизель ёқилғиси) чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинади ва нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан уларни сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилади.
Халқ табобатини ривожлантириш марказлари ташкил этилади
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида халқ табобатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.
Аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш, турли хил, айниқса, сурункали касалликлар профилактикасида ва уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик жиҳатидан амалда синалган халқ табобати муҳим ўрин тутади.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон халқ табобати ассоциациясининг 2020 йил 1 майдан:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган, давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс мақомига эга Республика халқ табобати илмий-амалий маркази (кейинги ўринларда – Республика маркази);
Тиббиёт олий таълим муассасаларида ва Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумларида мазкур қарорнинг 8-бандида кўрсатилган молиялаштириш манбалари билан юридик шахс мақомига эга бўлмаган Халқ табобатини ривожлантириш марказларини (кейинги ўринларда – Ҳудудий марказлар) ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Янги турдаги кластерлар ташкил қилинади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, маданий ҳолда етиштириш, қайта ишлаш ва мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида хабар берган эдик.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2020 йил 1 майдан бошлаб доривор ўсимликларни етиштириш, сақлаш, бирламчи ёки чуқур қайта ишлаш кластерларини (кейинги ўринларда – доривор ўсимликлар кластери) ташкил этиш, шунингдек, ҳудудларни доривор ўсимликлар етиштириш бўйича ихтисослаштириш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
а) доривор ўсимликлар кластерига ер майдони Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва ташаббускорлар ўртасида тузиладиган битим асосида ажратилади;
б) хорижий инвесторлар иштирокида ташкил этиладиган доривор ўсимликлар кластерига ер майдони Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ўрмон фонди ерларида эса Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан тузиладиган инвестиция киритиш тўғрисидаги шартнома имзолангандан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ажратилади.
Май ойидан Бўстонлиқда янги солиқ тартиби синовдан ўтказилади
2020 йил 1 майдан 2021 йил 1 майгача Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида янги солиқ тартиби синовдан ўтказилади. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 20 февралдаги 107-сонли қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, сув транспорти, сув мотоцикллари, қорда юрадиган техника воситалари, квадрацикллар, параплан ва дельтапланлар, шунингдек, супа, сўри ва шунга ўхшаш дам олиш жойлари жисмоний шахсларнинг даромад манбаси ҳисобланади ва солиққа тортилади.
Тажриба даврида жисмоний шахслар томонидан дам олиш уйлари, яшаш учун мўлжалланган турар жойлар ва бошқа айрим мол-мулклар солиқ органларининг таянч пунктлари томонидан мулк эгасига солиқ солиш объектларининг ҳисобга қўйилгани тўғрисидаги бепул бериладиган гувоҳнома асосида ижарага берилади.
Прокуратура ходимлари учун янги тартиб кучга киради
Ўзбекистон Республикаси Президенти “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолаганди.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида 2020 йил 1 майдан бошлаб суд ҳукмлари, қарорлари, ажримлари ёки ҳал қилув қарорлари қонуний кучга кирган ишларни прокурор томонидан томонларнинг (прокурордан ташқари) мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан талаб қилиб олиш тартиби амалиётга жорий этилади.
Боғча пули миқдорлари тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ 2020 йил 1 майдан амалга киритилаётган боғчага тўланадиган ота-оналар пули миқдорлари тасдиқланди. Тартиб қуйидаги жадвалда кўрсатилган:
Қурилиш-монтаж ишларида бюрократия камаяди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қурилиш-монтаж ишлари сифатини тубдан яхшилаш ва қурилиш назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чоралари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.
Унга мувофиқ, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Қурилиш соҳасида назорат инспекцияси ва ҳудудий инспекциялар томонидан қурилиши тугалланган объектлардан фойдаланишга рухсат бериш тартибини жорий қилган ҳолда, молиялаштириш манбаларидан қатъи назар хавф-хатар тоифаси паст объектлар учун уларни фойдаланишга қабул қилиш бўйича мавжуд тартиб-таомиллар 2020 йил 1 майдан бекор қилинади. Яъни хавф-хатар тоифаси паст объектларни қуриб-битказиб топширишда қоғозбозлик – бюрократия камаяди.