“Boeing” Россиянинг касрига Ўзбекистонга ҳам самолёт сотишни тўхтатди

Олам

image

Америка Қўшма Штатларининг “Boeing” авиасозлик корпорацияси ўз маҳсулотлари харидорлари рўйхатидан Россия ва Марказий Осиё давлатлари (жумладан, Ўзбекистонни ҳам) чиқариб ташлади. 

Яқин 20 йил учун савдо харитасида минтақа кулрангга бўялиб, ажратиб қўйилди. 2041 йилгача бу ҳудудларга самолётлар етказиб бериш режалаштирилмаяпти.

“Бу биз учун мақсадли бўлмаган бозор”, деган “Boeing”нинг тижорат маркетинг бўйича вице-президенти Даррен Халст.

“Boeing” 2021 йили келгуси 20 йил ичида россиялик мижозлар 1500 дан ортиқ самолёт сотиб олишини башорат қилган эди. Аммо 2022 йил март ойида корпорация Россия авиакомпанияларига техник хизмат кўрсатиш ва Россияга эҳтиёт қисмлар етказиб беришни тўхтатаётганини эълон қилди.

Корпорациянинг тижорий ҳаво қатнови ва самолётларга бўлган талаб бўйича узоқ муддатли прогнози Украинадаги урушнинг авиация саноатига бевосита таъсир кўрсатгани, биринчи навбатда, Россияга самолётларни етказиб бериш имконсиз бўлиши билан изоҳланган.

“Россия ва Марказий Осиёда самолётларга талаб мавжудлигига қарамай, бу ҳолат қанча давом этиши аниқ эмас. Шу сабабли биз Россия ва Марказий Осиё бўйича режаларни эълон қилмасликка қарор қилдик”, дейилади прогнозда.

“Bloomberg”га кўра, бир йил аввал “Boeing” 20 йил давомида 43 610 та самолёт сотишни режалаштирган. Бироқ ҳозир бу рақам 41 170 та самолётга камайди. Авиасозлик корпорацияси, шунингдек, бутун йил давомида йўловчилар ўсиши прогнозини 4 фоиздан 3,8 фоизга туширди.

Корпорациянинг таъкидлашича, Осиё бозорлари янги самолётларга узоқ муддатли талабнинг тахминан 40 фоизини ташкил қилади. Янги самолётларни етказиб бериш бозорининг қиймати 7,2 триллион долларни ташкил этади, бу талабни қондириш учун тижорат хизматлари бозори 3,6 триллион долларга баҳоланмоқда.

2041 йилга келиб, глобал самолёт парки 2019 йилдаги пандемиядан олдинги даражага нисбатан 80 фоизга ошиши кутилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Boeing

Баҳолаганлар

471

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг