БМТ вакили Украина дони қаерга кетаётганини маълум қилди
Олам
−
22 Октябрь 2022 13325 2 дақиқа
Истанбул келишувлари доирасида Украинадан “Дон йўлаги” орқали экспорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг 49 фоизи ўрта ва паст даромадли мамлакатларга, 50 фоизи қисми юқори даромадли мамлакатларга жўнатилган. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар бермоқда.
Кеча, 21 октябрь куни БМТнинг Қўшма мувофиқлаштириш марказидаги (ҚММ) ваколатхонаси вакили берган маълумотга кўра, ҳозиргача Украинадан “Дон йўлаги” орқали 8 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотлари экспорт қилинган.
“Бугунги кунга келиб, Қора денгиз орқали Украина портларидан ғалла ва бошқа озиқ-овқат махсулотлари экспортининг умумий ҳажми 8 миллион 284 минг 220 тоннани ташкил этяпти. Бу ҳажмнинг 50 фоизи юқори даромадли мамлакатларга, 24 фоизи даромади паст мамлакатларга жўнатилди. Ўртача даромадли мамлакатларнинг улуши 25 фоизга тўғри келяпти. Маҳсулотларнинг 1 фоиз қисми даромадлари турлича бўлган мамлакатларга юборилган”, дейди у.
Шу билан бирга, ваколатхона вакили таъминот йўналишлари якуний эмаслиги ва ғалла бошқа йўналишларга жўнатилишини ҳам қўшимча қилган.
Эслатиб ўтамиз, расмий Москва Украина дони кемаларда ночор Африкага эмас, балки Ғарбга ташилаётгани ҳақида ўз шубҳаларини маълум қилган эди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.
Live
Барчаси