БМТ Украинадаги вазият бўйича хавотир билдирди
Олам
−
28 Июнь 2022
7895Украинадан тинч аҳолининг ўлими ёки жароҳатланишига сабаб бўлган “ҳаво ҳужумлари ва артиллерия ўқларининг янги тўлқини” ҳақида хавотирли хабарлар келмоқда. Бу ҳақда БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик Нью-Йоркдаги брифингда маълум қилди.
“Бир неча соат олдин Украинадаги ҳамкасбларимиз яқин вақтгача уруш таъсир қилмаган Кременчуг марказига ракета тушгани ҳақида хабар беришди. Савдо марказига зарба берилган ва расмийлар унинг ичида кўп сонли тинч аҳоли вакиллари бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Ҳозирча бизда қурбонлар ҳақида аниқ рақамлар йўқ, аммо рақамлар қандай бўлишидан қатъи назар, савдо марказига қилинган ҳар қандай ҳужум жуда афсусланарли”, дейди Дюжаррик.
Бу дам олиш кунлари пойтахт Киев яна зарбага учраган, турар-жой биносига зарар етган, вайроналар остида бир неча киши қолган. Ракеталар мамлакат ғарбидаги, фронт чизиғидан узоқда жойлашган ҳудудларга ҳам тегди.
Стефан Дюжаррикнинг айтишича, Донбассда жанглар давом этмоқда, БМТ гуманитар ёрдам ходимлари муҳтожларга етиб боришда катта қийинчиликларга дуч келмоқда. Муаммолар нафақат хавфсизликнинг йўқлиги, балки маъмурий чекловлар билан ҳам боғлиқ.
“Биз яна бир бор таъкидлаймизки, томонлар халқаро гуманитар ҳуқуқ бўйича тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини ҳимоя қилиш мажбуриятига эга”, дейди матбуот котиби.
Украинадаги гуманитар ёрдам координатори Оснат Лубрани ҳам Кременчуг марказидаги ҳужумга ишора қилиб, қурбонлар сони ҳозирча маълум эмаслигини, бироқ “савдо марказида юзлаб одамлар бўлгани хабар қилинмоқда”, деди.
Қайд этилишича, ҳолат бўйича тергов ўтказиб, айбдорларни жавобгарликка тортиш керак.
“Бу Россиянинг Украинага қарши уруши мамлакат аҳолисига етказаётган оммавий азоб-уқубатларнинг яна бир мисолидир. Дам олиш кунлари биз ҳаво ҳужумлари ва ўққа тутилишининг янги тўлқини ҳақида ташвишли хабарларни олдик, бу эса Украинанинг бир қанча минтақаларида фуқаролик инфратузилмасига яна зарба берди. Кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлди ёки яраланди, уйлар, тиббиёт муассасалари ва бошқа фуқаролик инфратузилмаси зарар кўрди”, дейди Оснат Лубрани.
Унинг айтишича, БМТ тинч аҳолига қилинган ҳужумларни кескин қоралайди.
"Мен мустақил тергов ўтказишга ва айбдорларни жавобгарликка тортишга чақираман", дейди БМТ вакили.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15