500 тага ҳам, 1,5 мингтага ҳам бир хил ойлик адолатдан эмас – Зоир Мирзаев маҳаллалардаги муаммони кўтарди
Жамият
−
29 Февраль 2020
11893Кеча, 28 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда маҳаллалар билан боғлиқ муаммолар ҳам кўтарилди.
Қашқадарё вилояти ҳокими Зоир Мирзаев ўз бошқарувидаги ҳудудда айрим маҳаллаларда меъёрдагидан уч баравар кўп хонадон борлигини таъкидлаб ўтди ҳамда шундай маҳаллалар раис ва профилактика инспекторларининг маошини оширишни таклиф қилди.
“Биз яқинда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилганда таҳлил қилдик. Норматив бўйича ўртача 500 та хонадонда битта маҳалла ташкил қилиниши керак. Ундан кўп бўлиши мақсадга мувофиқ эмас дейилган. Лекин бизда Қашқадарё вилоятида 1,5 мингта хонадон битта маҳалла бўлган жой ҳам бор. Энг ёмон 336 та маҳалланинг ўз профилактика инспектори йўқ. 2 та маҳаллага 1 та профилактика инспектори. 3 мингта хонадонга 1 та профилактика инспектори, муаммо чиқаради. Умуман жисмоний жиҳатдан улгурмайди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб таклиф бўлардики, зудлик буни кўриб чиқиб, янги маҳаллани ажратиб олишимиз керак.
Иккинчи масала шуки, 500 та хонадонга хизмат кўрсатган профилактика инспекторига ҳам шу ойлик, 1,5 мингтасига ҳам шу ойлик. Юкламасига қараб ойликни табақалаштириш керак. Ёки хонадон сонидан келиб чиқиб, маҳалла раисига ойлик белгилаб берайлик. 500 тага ҳам, 1,5 мингтага ҳам бир хил ойлик қайсидир маънода адолат тамойилига тўғри келмайди”, деди Зоир Мирзаев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 18 февраль куни Ўзбекистон Президентининг фармони билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.
LiveБарчаси