Шавкат Мирзиёев Қамашидаги маҳаллага бориб, аҳоли билан суҳбатлашди
Жамият
−
21 Октябрь 374 3 дақиқа
Бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Қамаши туманидаги Чим маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ва аҳоли бандлигини таъминлаш чоралари билан танишди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги маҳалла” сифатида ривожлантирилаётган Чимда 5,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, уларнинг қарийб ярмини ёшлар ташкил этади.

Инфратузилмани янгилашга 55 миллиард сўм йўналтирилиб, 240 ўринли болалар боғчаси, 640 ўринли мактаб, маҳалла ва ёшлар марказлари, истироҳат боғи барпо этилган. Шунингдек, 4,5 километр йўл қурилиб, электр таъминоти ва суғориш тармоқлари янгиланган.

Давлат раҳбари маҳалла марказидаги ўйингоҳда болалар ва уларнинг оналари билан суҳбатлашган. Ёшлар кутубхонасида эса китобхон йигит-қизларнинг мақсад ва интилишлари билан қизиққан.

Мулоқотда Президент Ўзбек тили байрами муносабати билан Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва Ҳалима Худойбердиева ижодини эслаган. Тилга, миллий адабиётга ва аждодлар меросига эътибор ортиб бораётганини қайд этган.

“Бугун тилимизга, миллатимизга ва ўзлигимизга бўлган эҳтиром тобора юксалмоқда. Одамлар яна китоб ўқишга интиляпти. Ота-боболаримиздан қолган маънавий меросни қайта тиклаяпмиз. Қамашининг Чим маҳалласида ҳам шундай маънавий муҳит, шундай шароитлар яратилмоқда”, дейди давлат раҳбари.

Президент олий таълим имкониятлари кенгайгани, билимли ва ватанини севадиган кадрларни тайёрлаш мамлакат келажаги учун зарурлигини таъкидлаган.
“Илгари 100 нафар ёшдан атиги 9 нафари олий таълимда ўқиган бўлса, бугун 45 нафари ўқияпти. Олийгоҳларни ташкил этиш, профессор-ўқитувчиларга шароит яратиш катта меҳнат талаб қилади. Лекин Ўзбекистоннинг келажаги учун миллий ғурури бор, Ватанни севадиган кадрлар керак. Мен сизларга ишонаман. Жонажон Ватанимиз, Қашқадарё воҳасининг келажаги сизларнинг қўлингизда”, дейди мамлакат етакчиси.

Чимда аҳоли даромадини ошириш учун ҳам янги имкониятлар яратилган. Хотин-қизлар меҳнат қилаётган гиламчилик ва каштачилик корхонасига 3,5 миллиард сўм сармоя киритилган. Банклар кўмагида 20 га яқин хонадонда умумий майдони 36 сотих бўлган иссиқхоналар ташкил этилган, маҳсулотларни сақлаш учун 200 тонналик музлаткич қурилган. Бу ишлар орқали 80 дан ортиқ ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Шунингдек, кооперация асосида лимончилик ривожлантирилмоқда. Аҳолига кўчат, ўғит ва агротехник хизматлар етказиб берилади, етиштирилган ҳосил кафолатланган нархда сотиб олинади. Лимон кўчатлари орасига картошка, брокколи ва кўкатлар экилиши ҳисобига дарахтлар ҳосилга киргунига қадар ҳар бир иссиқхонадан қўшимча 14-16 миллион сўм даромад олинмоқда.

Маҳаллада 70 та тадбиркор фаолиятини кенгайтирган, яна 20 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган. Автомагистраль бўйидаги хизмат кўрсатиш объектлари сони 31 тадан 137 тага етиб, 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратилган. Чим ва унга қўшни маҳаллалардаги 1,2 мингта хонадон кооперация асосида фармацевтика ва косметика саноатида қўлланиладиган гулхайри ўсимлигини етиштирмоқда.

Ташриф якунида Президент маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан суҳбатлашган. Улар маҳалладаги ўзгаришлар ҳақида ўз фикрларини билдириб, юрт фаровонлиги ва ёшлар келажаги учун дуо қилган.
Live
Барчаси21 Октябрь
21 Октябрь
Саида Мирзиёева Ашхободга борди
21 Октябрь