БМТ хавотирда: ҳар учинчи маҳбус суд қарорисиз қамоққа ташланмоқда

Олам

image

Дунё бўйлаб ҳар учинчи маҳбус судсиз ва терговсиз панжара ортида сақланмоқда. 2019 йил охирида жаҳон мамлакатлари қамоқхоналарида сақланаётганлар сони 11,7 миллион нафарга етган. Бу Бельгия аҳолисидан ҳам кўп дегани. Бу ҳақда БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг қамоққа олиш бўйича биринчи глобал тадқиқотида айтилган. 

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, бугунги пандемия даврида миллионлаб одамлар ҳаддан ташқари кўп қамоқхоналарда сақланмоқда, уларнинг аксарияти у ерда ноқонуний равишда ётибди ва COVID-19 билан касалланиш хавфи остида қолмоқда. 

Таҳлилчилар ҳисоботида айтилишича, сўнгги йигирма йил ичида дунё аҳоли 21 фоизга ўсган. Бу даврда, яъни 2000 йилдан 2019 йилгача қамоқхоналардаги маҳбуслар эса 25 фоизга кўпайган. 2019 йил охирига келиб қамоқхоналардаги маҳбуслар сони 11,7 миллионни ташкил этган. Бу Боливия, Бурунди, Бельгия ёки Тунис каби мамлакатлар аҳолиси билан таққосланади. 

Охирги маълумотларга қараганда, дунё бўйича ҳар 100 минг аҳолига 152 маҳбус тўғри келмоқда. Шимолий Америка, Сахарадан жанубдаги Африка мамлакатлари ва Шарқий Европада қамоқхоналар сони 27 фоизга камайган. Аммо бошқа минтақалар ва мамлакатларда, хусусан Лотин Америкаси, Австралия ва Янги Зеландияда бу рақам сўнгги икки йил ичида сезиларли даражада ўсган. 

Дунёдаги барча маҳкумларнинг тахминан 93 фоизини эркаклар ташкил қилади. Бироқ сўнгги 20 йилда аёлларнинг қамоққа тушиши ҳолатлари ҳам кўпайди. Уларнинг (аёл маҳкумлар) умумий сони 33 фоизга ошган, эркаклар орасида ўсиш 25 фоизга тенг бўлган.

Қайд этилишича, COVID-19 пандемияси даврида одамларнинг кўплиги ҳар қачонгидан ҳам кескин вазиятни келтириб чиқарди. 2021 йил май ойига қадар 122 мамлакатда 550 мингга яқин маҳбус коронавирусга чалинган. 

Пандемия ортидан баъзи қамоқхоналарда дам олиш, ишлаш ва ташриф буюриш имкониятлари чекланган. Қамоқхоналарда кўпинча профилактика чораларини амалга ошириш қийин, маҳбуслар эса ҳаддан ташқари кўп бўлгани боис  айрим мамлакатлар ҳеч бўлмаганда вақтинча, кўплаб маҳбусларни озод қилиш йўлини танлаган. Бу асосан зўравонликсиз жиноятлар учун судланган шахсларга тегишли. 
 
2020 йил март ойидан бери дунёдаги қамоқхоналардан камида 700 000 киши озод қилинган. Бу дунё бўйлаб қамоқда сақланаётган маҳбусларнинг 6 фоизи дегани.


Мақола муаллифи

Теглар

БМТ

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг