БМТ хавотирда: Озарбайжон ва Арманистон чегарасида яна ҳарбий кескинлик ортмоқда 

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Арманистон ва Озарбайжон чегарасида кескинлик кучайгани ҳақидаги хабарларни ташвиш билан кузатмоқда. Бу ҳақда БМТ сайтида эълон қилинган баёнотда сўз боради.

БМТ вакили Фархан Хакнинг таъкидлашича, “ушбу хабарларнинг ишончлилигини тасдиқлай олмаган ҳолда, БМТ иккала томонни зиддиятни кучайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳаракатлардан воз кечишга ва пайдо бўлаётган муаммоларни музокара доирасида ҳал қилишга чақиради”.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда арман-озар чегарасида отишма яна авж олмоқда. Шу билан биргаликда икки мамлакат Мудофаа вазирликлари бир-бирини ўқ узишни бошлашда айблаб келяпти. Жумладан, Озарбайжон Мудофаа вазирлиги мамлакат ҳарбийларининг Калбажар минтақасидаги позициялари жорий йилнинг 26 июлга ўтар кечаси Арманистон томонидан, шу жумладан граната отиш мосламалари билан интенсив ўққа тутилганини маълум қилган.

Расмий Бакуга кўра, ушбу ҳолат орадан икки кун ўтар-ўтмас яна такрорланган. Ўз навбатида, Арманистон Республикаси Омбудсмани Арман Татоян Озарбайжон Қуролли Кучлари мамлакатнинг шимоли-шарқидаги чегара аҳоли пунктларига қарши ўт очганини таъкидлаган. 

Қайд этиш керакки, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев расмий Баку Ереванга бир неча бор тинчлик шартномасини имзолашни таклиф қилганини айтган. Президент Алиевнинг сўзларига кўра, бироқ Арманистон Озарбайжон билан тинчлик шартномасини имзолашни хоҳламаяпти.

Маълумот ўрнида, Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро 2020 йил 27 сентябрда фаол жанговар ҳаракатлар бошланиши билан кескинлашди. Ўша йилнинг 9 ноябрида Россия Президенти Владимир Путин, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян имзолаган уч томонлама баёнот можаро зонасида ҳарбий ҳаракатларнинг тўлиқ тўхташига имкон яратди. Озарбайжон ва Арманистон томонлари эгаллаб олган позицияларида тўхташди, бир қатор ҳудудлар Баку назорати остига ўтди, Россия тинчликпарвар кучлари алоқа линияси ва Лочин йўлаги бўйлаб жойлаштирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг