Арман-озар чегарасида отишма: томонлар бир-бирини айбламоқда
Олам
−
28 Июль 2021
3728Озарбайжон Қуролли Кучлари Арманистоннинг шимоли-шарқидаги чегара аҳоли пунктларига қарши ўт очмоқда. Бу ҳақда Арманистон Республикаси Омбудсмани Арман Татоян хабар берган.
“Омбудсман идорасига Гегаркуник вилоятининг Верин Шоржа ва Кут аҳоли пунктларига Озарбайжон Қуролли Кучлари интенсив равишда ўт очишни бошлагани тўғрисида хабарлар келиб тушди”, деб ёзган Татоян.
Омбудсманнинг таъкидлашича, у халқаро органларга “Арманистоннинг аҳоли пунктларида отишма бўлмаслиги учун қатъий чоралар кўриш зарурлиги тўғрисида” шошилинч хабарлар юборган.
Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига кўра, Озарбайжон ҳарбийлари билан бўлган отишма натижасида икки арманистонлик ҳарбий хизматчи жароҳат олган ва яна бешта ҳарбий хизматчининг ҳолати тўғрисидаги маълумотлар аниқланмоқда.
“Озарбайжон Сотк-Верин Шоржа аҳоли ҳудудида Арманистон чегараларига ҳужум уюштирди. Ҳарбий ҳаракатлар бошланди, интенсив отишма бўлиб ўтмоқда”, деб хабар берган Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.
Озарбайжон Мудофаа вазирлиги эса Арманистон Қуролли Кучларининг Калбажар вилоятидаги ўт очиши натижасида икки озарбайжонлик ҳарбий чегарада яраланганини хабар қилди. Озарбайжон томонининг хабар беришича, бугун, 28 июль куни соат 00:50 атрофида Озарбайжон армияси позициялари интенсив ўққа тутилган. Уларнинг таъкидлашича, отишма қуроллар ва гранатометлардан амалга оширилган.
Арманистон томонининг хабар беришича, жанглар бугун, 28 июль куни тунги соат 03:40 да Озарбайжон ҳарбийларининг провокацияси туфайли бошланган. Баку эса отишмани Арманистон ҳарбийлари бошлаганини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон ҳарбийларининг Калбажар минтақасидаги позициялари 26 июлга ўтар кечаси Арманистон томонидан интенсив ўққа тутилганди.
Маълумот ўрнида, Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги вазият 12 майдан бери кескинлигича қолмоқда. Ўшанда Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари “чегарани созлаш” мақсадида Сюник вилоятининг чегара туманларидан бирида “маълум ишларни” бажаришга ҳаракат қилгани ҳақида маълум қилганди. Ўшандан бери ҳар икки томон вақти-вақти билан турли ҳодисалар ҳақида хабар бермоқда.