БМТ Бош котиби Юқори Чирчиқ туманига борди
Жамият
−
01 Июль
7375Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш бугун, 1 июль куни Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги қуввати 200 мегаватт бўлган “ACWA POWER RIVERSIDE SOLAR” қуёш фотоэлектр станцияси фаолияти билан танишди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Қайд этилишича, Бош котибга 2030 йилгача Ўзбекистонда яшил энергетикани ривожлантириш стратегияси, муқобил энергия ишлаб чиқариш соҳасида қувватларни яратиш дастури ҳақида тақдимот қилинган. Гутерриш мамлакатда қуёш ва шамол энергетикасини ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигини айтиб ўтган.
Маълумот учун, Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси томонидан Тошкент вилоятида қиймати 400 миллион долларлик 200 мегаватт қувватига эга бўлган лойиҳа амалга оширилган. Бунинг учун 460 гектар ер майдони ажратилган. Ҳозирги кунда 150 мегаватт электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Бундан ташқари, кейинчалик Паркент туманида 500 мегаватт электр энергиясини сақлаш тизими ишга туширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ Бош котиби Ўзбекистонга келгани ҳақида хабар берилганди.