БМТ болалар учун СИ билан боғлиқ таҳдидлар кучайишидан огоҳлантирди
Технология
−
02 Февраль 1133 4 дақиқа
Интернетда сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган зарарли контент ҳажми тобора ортиб бормоқда. Шу муносабат билан БМТ тузилмалари болаларни зўравонлик, эксплуатация ва руҳий жароҳатлардан ҳимоя қилиш учун зудлик билан комплекс чоралар кўришга чақирди.
Халқаро электралоқа иттифоқининг (ХЭИ) Электралоқа ривожи бюроси директори Космас Завазава болалар дуч келаётган таҳдидларнинг кенг доираси мавжудлигини маълум қилди.
Гап груминг (ишончга кириб алдаш), дипфейклар, рақамли сервислар ичига зарарли функцияларни жойлаштириш, кибербуллинг ва номақбул контентга эркин кириш каби хавфлар ҳақида бормоқда.
“COVID-19 пандемияси даврида биз кўрдикки, кўплаб болалар, айниқса қизлар ва ёш аёллар интернет орқали зўравонликка дуч келган ва кўплаб ҳолатларда бу жисмоний зарар билан якунланган”, дейди у.
Болаларни ҳимоя қилиш соҳасида ишловчи ташкилотлар маълумотига кўра, жиноятчилар сунъий интеллектдан боланинг интернетдаги хатти-ҳаракатлари, эмоционал ҳолати ва қизиқишларини таҳлил қилиш учун фойдаланиши, шундан сўнг уни жалб этиш ва манипуляция қилиш стратегиясини аниқроқ ишлаб чиқиши мумкин.
Шунингдек, сунъий интеллект жиноятчиларга реал болаларнинг сохта тасвирларини яратиш имконини бермоқда, бу эса жинсий шантажнинг янги шакли пайдо бўлишига олиб келган.
Childlight болалар глобал хавфсизлиги мустақил институти томонидан 2025 йилда эълон қилинган ҳисоботга кўра, АҚШда технологиялар ёрдамида содир этилган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари сони 2023 йилда 4,7 мингдан, 2024 йилда эса 67 мингдан ошган.
2025 йил охирида Австралия дунёда биринчи бўлиб 16 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқларда аккаунт очишни тақиқлади. Ҳукумат бу қарорни бундай контентдан келадиган хавфлар эҳтимолий фойдадан анча устун эканлиги билан изоҳлади.
Расмийлар ўз тадқиқотларига таяниб, 10–15 ёшдаги болаларнинг қарийб учдан икки қисми шафқатсиз, зўравон ёки руҳий жароҳат етказувчи контентга дуч келганини, ярмидан кўпи эса кибербуллинг қурбони бўлганини маълум қилди. Бундай контентнинг асосий қисми ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган.
Малайзия, Буюк Британия, Франция ва Канада каби бошқа давлатлар ҳам шунга ўхшаш чекловлар ёки қонунчилик чораларини тайёрламоқда. Хусусан, ОАВ маълумотларига кўра, Франция Миллий ассамблеяси 15 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқловчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган. Энди ҳужжат Сенатга юборилади.
Қайд этилишича, 2026 йил бошида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи БМТ тузилмалари “Сунъий интеллект ва бола ҳуқуқлари” бўйича қўшма баёнотни имзолаган. Унда жиддий хавфлар мавжудлиги ва жамият ҳозирча уларга тайёр эмаслиги очиқ айтилади.
БМТ агентликларининг фикрича, давлатларга самарали тартибга солиш учун кўпроқ амалий йўриқномалар зарур, шу сабабли батафсил тавсиялар рўйхати ишлаб чиқилган.
“Болалар тобора эрта ёшда онлайн муҳитга кириб келмоқда ва уларни ҳимоя қилиш зарур. Айнан шунинг учун биз интернетда болаларни ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқдик. Биринчи қисми ота-оналар учун, иккинчиси ўқитувчилар учун, учинчиси тартибга солувчи органлар учун, тўртинчиси эса саноат ва хусусий сектор учун мўлжалланган, дейди Завазава.
Асосий тавсиялар қуйидагилардан иборат:
- давлатлар бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида сунъий интеллектни тартибга солиш тизимларини кучайтириши керак;
- халқаро ташкилотларга сунъий интеллект билан боғлиқ барча чоралар ва стратегияларда болалар ҳуқуқларини ҳисобга олиш тавсия этилади;
- ҳукуматлар ва компаниялар сунъий интеллект тизимларининг шаффофлиги, ҳисобдорлиги ва хавфсизлигини таъминлаши лозим;
- давлатлар сунъий интеллект ёрдамида содир этиладиган ёки кучайтириладиган болаларга нисбатан зўравонлик ва эксплуатацияни олдини олиши ва тўхтатиши зарур;
- болаларга йўналтирилган янада ишончли маълумотларни ҳимоя қилиш механизмларига эҳтиёж мавжуд;
- сунъий интеллект асосида қабул қилинадиган қарорлар ҳар бир боланинг энг яхши манфаатлари ва ҳар томонлама ривожланишини ҳисобга олиши керак;
- сунъий интеллект инклюзив ва холис бўлиши, барча болалар технологиялардан тенг фойда кўра олиши лозим;
- сиёсат ва сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқишда болаларнинг ўз фикри ва тажрибаси инобатга олиниши керак;
- сунъий интеллект ривожи экологик барқарорликка хизмат қилиши ва келажак авлодлар учун узоқ муддатли зарарларни минималлаштириши лозим.
Live
Барчаси