OpenAI СИни бошқариш бўйича глобал орган тузишни таклиф қилди
Технология
−
14 Май 960 1 дақиқа
ChatGPT чат-ботини ишлаб чиққан OpenAI компанияси АҚШ бошчилигида сунъий интеллектни (СИ) бошқариш бўйича глобал орган яратиш таклифи билан чиқди. Бу ҳақда компаниянинг глобал масалалар бўйича вице-президенти Крис Лехейн маълум қилди.
“СИ маълум бир даражада кўплаб мавжуд ёки анъанавий савдо масалалари доирасидан чиқиб кетади. Ҳақиқатан ҳам глобал миқёсдаги тузилмани қуришни бошлаш ва унга бутун дунё мамлакатларини, жумладан, Хитойни ҳам жалб қилиш имконияти мавжуд”, дейди Лехейн.
Унинг қўшимча қилишича, бундай ташкилот ўз ғояси ва вазифаларига кўра, қурол тарқалишининг олдини олиш мақсадида ядро энергетикасини ривожлантириш учун глобал хавфсизлик стандартларини белгиловчи Халқаро атом энергияси агентлигига (МАГАТЭ) ўхшаш бўлиши мумкин.
OpenAI вице-президенти, шунингдек, буни амалга ошириш усулларидан бири – АҚШ Савдо вазирлиги ҳузуридаги СИ соҳасидаги стандартлар ва инновациялар маркази билан дунёнинг бошқа мамлакатларидаги СИ хавфсизлиги бўйича муассасалар ўртасида алоқа ўрнатиш эканини таъкидлаган.
Лехейн глобал тузилма ташкил этиш режаси бўйича АҚШ расмийлари билан аллақачон мулоқот қилганига аниқлик киритган. Бироқ Вашингтон бу ташаббусни ва унда Хитойнинг иштирок этишини қўллаб-қувватлаши ёки қўллаб-қувватламаслиги ҳозирча номаълум.
Live
Барчаси