Блогер Сатторийнинг қамалиши Ўзбекистонда сўз эркинлигига зарбадир – HRW
Жамият
−
13 Май 2021
12332Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139 ва 165-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб 6,5 йилга қамалганидан хабарингиз бор.
Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Aбдураҳмон Ташанов QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова билан суҳбатда бир блогернинг сал бебошлик қилиб, гапириб қўйгани учун қамалиб кетиши Ўзбекистон имижига доғ тушириши ҳақида гапирган эди.
Якунда шундай ҳам бўлмоқда. 11 май куни “Human Rights Watch” (HRW) халқаро ташкилоти Ўзбекистонда сўнгги вақтларда кун тартибига чиққан юқоридаги вазиятга эътибор қаратди ва блогер Сатторийнинг қамалишини мамлакатдаги сўз эркинлигига зарба, деб баҳолади.
“Маҳаллий ҳокимият томонидан коррупция содир этилганини текширган мустақил блогер Отабек Сатторийни қамоққа олиш тўғрисидаги Ўзбекистон судининг қарори – одил судловнинг бузилиши ва Ўзбекистонда сўз эркинлигига зарба”, дейилади HRW мақоласида.
Мақолада, 10 май куни Сурхондарё вилоятида суд Сатторийни товламачилик ва туҳматда қилишда айбдор деб топиб, олти ярим йилга озодликдан маҳрум қилгани эслаб ўтилган.
“Расмийлар дастлаб Сатторийни маҳаллий бозор бошлиғига нисбатан товламачилик қилиб, уяли телефон талаб қилганликда айблаб, шубҳали жиноий иш қўзғатди. Ҳибсга олинганидан сўнг, Сатторийнинг ҳисоботлари орқали коррупцияга алоқадорликда айбланган бир нечта шахсларнинг шикоят аризалари билан расмийлар блогерга нисбатан туҳмат ва товламачилик бўйича қўшимча айбловларни илгари сурди”, дея қайд этмоқда HRW.
Шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ушбу халқаро ташкилот Сатторийнинг адвокати Умидбек Давлатов айбловларни “уйдирма”, деб атагани ва 4 май куни адвокатнинг сўнгги сўзларида прокурор Сатторий томонидан содир этилган қонунбузарликлар тўғрисида ҳеч қандай ашёвий далилларни тақдим этмагани бўйича сўзларини қўшимча қилган.
“Ўзбекистон раҳбарияти, шу жумладан Президент Шавкат Мирзиёев инсон ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатишни давом этаётган ислоҳотлар марказига қўйиш тўғрисида юксак даъволар билан чиққанди. Аммо ҳаракатлар сўзлардан кўра баландроқ гапиради. Ноқулай блогерни қамоққа олиш бугунги кунда Ўзбекистондаги сўз эркинлиги учун репрессив муҳит ҳақиқатини фош қилмоқда”, дейилади HRW мақоласида.
HRW’нинг қайд этишича, Ўзбекистоннинг халқаро шериклари унга Сатторийни озод қилиш бўйича талаб қўйиши ҳамда ўзбек расмийларини сўз эркинлигини ҳимоя қилишга чақириши керак.
“Ўзбекистоннинг халқаро шериклари, шу жумладан АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳамда унинг Германия ва Буюк Британия каби аъзо давлатлари Сатторийнинг озод этилишини талаб қилиши ва ўзбек расмийларини сўз эркинлигини ҳимоя қилишга чақириши керак. Яқинда Европа Иттифоқи Ўзбекистонга GSP+ схемаси бўйича махсус савдо имтиёзларини тақдим этди ва Тошкентнинг инсон ҳуқуқлари стандартларига, шу жумладан сўз эркинлигига риоя этилишини яқиндан кўриб чиқиш учун аниқ имконият яратди”, дейилади мақолада.
Қайд этилишича, шубҳали жиноий айбловлар билан блогерларни нишонга олиш ёки уларни узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилиш сўз эркинлигига совуқ таъсир қилади ва Ўзбекистон ҳукуматининг ислоҳотларни амалга ошириш тўғрисидаги даъволарига путур етказади.
Эслатиб ўтамиз, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) халқаро ташкилоти ҳам блогер Сатторийнинг қамалиши бўйича муносабат билдириб, буни Ўзбекистон Ҳукуматининг Президент сайловлари яқинлашаётган бир пайтда матбуотни нозик масалаларни ёритиб беришдан қўрқитишга қаратилган аниқ ҳаракатидир, деб баҳолади.
Маълумот ўрнида, блогер Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми “а”, “г” бандлари ва 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси жазоларни (қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
LiveБарчаси