Блогер Нафосат Оллошукурова руҳий шифохонадан чиқарилди
Жамият
−
28 Декабрь 2019
11668Бир гуруҳ норозиларнинг Тошкентга юришини жонли равишда эфирга узатгандан сўнг руҳий шифохонага ётқизилган блогер Нафосат Оллошкурова шифохонадан чиқарилган.
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни соат 12:00ларда вилоят ички ишлар органлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир қилган фуқаро М.Раджапов, унинг яқин қариндошлари ҳамда Facebook`да “Шабнам Оллашукурова” номли гуруҳ блогери, Н.Оллашукуроваларга нисбатан маъмурий иш қўзғатилган эди.
Урганч шаҳар маъмурий судининг 23 сентябрдаги қарорига асосан Н.Оллашукуровага нисбатан МЖтКнинг 183, 194, 195 ва 202-моддалари билан 10 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
26 сентябрь куни Н.Оллашукурова маъмурий қамоқ жазосини ўтаётган пайтида рухиятида ўзгаришлар сезилганлиги учун тез тиббий ёрдам чақиртирилиб, психиатрнинг тавсияси билан уни вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида кўрикдан ўтказиш учун олиб кетилган.
"Бугун руҳий касалликлар шифохонасида ўтказилган тиббий экспертиза унинг саломатлиги яхшиланган, деб топган ва блогер янги йил байрамини ота-онаси ва жажжи қизалоқлари билан бирга кутиб олади", деб ёзди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
Нафосат Оллошкурова Тошентга ота-онаси ва 3 яшар икки эгизак қизларининг олдига қараб йўлга чиққан.
30 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судида аризачи Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерининг фуқаро Нафосат Оллашукуровани ғайриихтиёрий тартибда психиатрия шифохонасига ётқизиш тўғрисидаги аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши кўриб чиқилди.Суд қарори билан ушбу ариза қаноатлантирилиб, Оллашукурова ғайриихтиёрий тартибда психиатрия шифохонасига ётқизилди.
Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Оллошукурованинг адвокати Улуғбек Давлетов Урганч туманлараро судига бориб, ҳимоясидаги Нафосат Оллошукуровага оид фуқаролик иши бўйича кассация тартибида шикоят топширган.
Фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят суди кассация инстанцияси кеча, 28 ноябрь куни Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансери суд мажлисини ўтказган. Унда Нафосат Оллашукурова ва унинг ишончли вакили – адвокати Улуғбек Давлетов томонидан келтирилган кассация шикояти асосида ушбу фуқаролик иши кўриб чиқилиб, 2019 йил 30 сентябрдаги фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Олий суднинг қайд этишича, тарафаларга суд қарорлари устидан назорат тартибида шикоят бериши ҳамда протест келтириш ҳуқуқи тушунтирилган.
LiveБарчаси