Блогер “Gonzo” қамалди (видео)
3-саҳифа
−
21 Июнь 10130 1 дақиқа
“Gonzo” тахаллуси билан танилган блогер Гейдар Алиев маъмурий жавобгарликка тортилди. QALAMPIR.UZ суд ҳужжати билан танишди.
Ҳужжатларга кўра, у жорий йилнинг 13 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган фестивал давомида жамоат тартибига зид ҳаракатлар содир этган. Қайд этилишича, блогер айрим фуқароларни уларнинг розилигисиз видеотасвирга олган ва мазкур материалларни интернет тармоқларида эълон қилган.
Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимининг қонуний талабларига бўйсунмагани ҳамда жамоат жойида ҳақоратли сўзлар ишлатгани билдирилган.
Суд материалларида келтирилишича, 17 июнь куни у фуқаролардан бирига оид шаън ва қадр-қимматга дахл қилувчи маълумотларни Telegram орқали тарқатган.
Суд мажлисида Гейдар Алиев ўз ҳаракатларидан афсусдалигини билдириб, қилган ишлари учун пушаймон эканини айтган.
Жабрланувчилар эса суддан қонун доирасида чора кўришни сўраган.
Суд қарорига мувофиқ, Гейдар Алиев Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик), 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисми ва 46-2-моддаси (шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Live
Барчаси