Блогер Дониёр Қаюмов яна жавобгарликка тортилди
3-саҳифа
−
15 Февраль 2022
32011Блогер Дониёр Қаюмов яна жавобгарликка тортилди. Галдаги жарима автомобилда содир этилган қоидабузарлик учун. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларда “Тошкент шаҳар ҳокимининг укахонига имтиёзлар берилдими” номли видео тарқалган. Ушбу видеода Malibu русумли давлат рақам белгиси 01 R777FB бўлган автомобилга “мигалка” ўрнатиб олган шахс олифталаниб юргани акс этган. Натижада бу фуқаролар ва жамоатчилик вакилларининг норозилигига сабаб бўлган.
Malibu’нинг ҳайдовчиси ижтимоий тармоқлардаги видеолари танилган блогер Дониёр Қаюмов бўлиб чиққан.
Жамоат хавфсизлиги департаментидан маълум қилинишича, автомобилига мигалка ўрнатилгани тасвирланган видеони Дониёр Қаюмовнинг ўзи ижтимоий тармоққа жойлаштирган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ушбу ҳолат бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 127-моддаси 2-қисми билан баённома тузилгани ва блогернинг автомобили жарима майдончасига жойлаштирилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, блогер Дониёр Қаюмов жорий йилнинг 1 январь куни тенгқур дўстлари билан кўп қаватли уйлар ёнида пиротехника воситаларидан фойдаланаётганини видеога олиб, уни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатган. Ушбу ҳолат соат 05:00 атрофида содир бўлган ва одамларнинг хотиржамлигини бузган. У Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддаси билан жавобгарликка тортилган.
LiveБарчаси