Блинкен Украинага 1 млрд долларлик ёрдам ажратилишини эълон қилди
Олам
−
07 Сентябрь 2023
1987АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Вашингтон Киевга 1 млрд доллардан ортиқ қўшимча ёрдам беришини маълум қилди. Бу ҳақда у кеча, 6 сентябрь куни Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба билан ўтказган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.
“Бугун биз умумий қиймати 1 млрд доллардан ортиқ бўлган янги ёрдамни эълон қиламиз, жумладан, ҳарбий ва фуқаролик ёрдами учун 665,5 млн доллар ажратамиз”, деган Блинкен.
Унинг айтишича, маблағларнинг бир қисми "Украинанинг узоқ муддатли истиқболдаги ҳарбий эҳтиёжларини" қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
“Биз биринчи марта Украинага санкцияга учраган россиялик олигархлардан тортиб олинган активларни жўнатамиз, улар украиналик фахрийларни қўллаб-қувватлаш учун ишлатилади”, дейди АҚШ Давлат котиби.
Давлат департаменти эълон қилган баёнотда айтилишича, гап 5,4 млн доллар миқдоридаги маблағ ҳақида кетмоқда.
Шунингдек, 90,5 млн доллар миналардан тозалаш учун инсонпарварлик ёрдами доирасида, 206 млн доллар озиқ-овқат билан таъминлашга, 203 млн доллар эса институтларнинг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлаш, концернлар билан боғлиқ асосий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, коррупцияга қарши кураш, қонун устуворлиги ва ҳуқуқ сектори, шунингдек, Россия томонидан содир этилган ҳарбий жиноятларни тергов қилиш салоҳиятини оширишга йўналтирилади.
АҚШ Давлат департаментининг аниқлик киритишича, 2022 йил февраль ойи охиридан буён Вашингтон Киевга 43,2 млрд долларлик ҳарбий ёрдам, 2,9 млрд долларлик гуманитар ёрдам ажратган ва Жаҳон банки механизмлари орқали 20,5 млрд долларлик бюджет ёрдами юборган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Блинкен Украина Президенти Владимир Зеленский билан ҳам учрашганди.
LiveБарчаси