Блинкен КХДР Россияга қурол бераётганини исботлай олишини айтди

Олам

image

АҚШ, Жанубий Корея ва Япония КХДРдан Россияга ўқ-дорилар ва ҳарбий техника етказиб берилганига оид далилларга эга эканини маълум қилди. Бу ҳақда уч мамлакат Ташқи ишлар вазири тегишли баёнот билан чиқди.

“Биз ҳозир тасдиқлашимиз мумкинки, ушбу қурол етказиб бериш аллақачон амалга оширилган”, дейди АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен, Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири Пак Чин ва Япония Ташқи ишлар вазири Ёко Камикава.

Баёнотда вазирлар Украина ҳукумати ва халқига қарши ишлатиладиган ҳарбий техника ва ўқ-дориларни етказиб беришни кескин қоралаган. Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари Вашингтон, Сеул ва Токио Киевни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давом этишига ваъда берган.

Блинкен, Парк Чин ва Камикава Шимолий Кореянинг бошқа давлатлар билан ҳарбий ҳамкорлиги унинг ядро қуроли ва баллистик ракета технологияларини қўлга киритишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирган. 

“Бу халқаро ҳамжамиятнинг Корея ярим ороли ва минтақадаги вазиятни беқарорлаштиришга йўл қўймаслик бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатларини хавф остига қўяди”, дейилади қўшма баёнотда.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса Вашингтоннинг Пхеньян Москвага ҳарбий ёрдам бераётгани ҳақидаги даъволарини миш-мишлар деб атаган. Ўз навбатида, Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга жорий йилнинг сентябрь ойида икки давлат раҳбарлари Владимир Путин ва Ким Чен Ин ўртасида бўлиб ўтган музокаралар якунлари бўйича Россия Федерацияси ва КХДР ўртасида ҳеч қандай келишув, жумладан, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича битим имзоланмагани ҳақида маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга борган, Президент Путин билан учрашган ва мамлакатдаги бир қанча ҳарбий объектларни кўздан кечирганди. Россия ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик Япония, АҚШ ва Жанубий Кореяни хавотирга солганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Ким Чен Ин Жанубий Корея Япония КХДР Энтони Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг