Жанубий Корея КХДР ва Россиянинг ҳарбий ҳамкорлигидан хавотирда
Олам
−
14 Сентябрь 2023
5692Жанубий Корея Бош вазири Хан Док Су Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликдан ташвишланаётганини айтди. Бу ҳақда “Yonhap” агентлиги хабар берди.
"Россия ва Шимолий Корея қанчалик яқинлашаётганини кўриб турибмиз. Икки давлат ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик эҳтимоли ҳақидаги хабарлар жуда хавотирли", деган Хан Док Су.
Ўз навбатида, Кореяни бирлаштириш вазири Ким Ён Хо ҳам Россия ва Шимолий Кореяни қурол-яроғ етказиб бериш бўйича эҳтимолий келишувда “халқаро меъёрлар”га риоя қилишга чақирган.
“Ҳарбий ҳамкорлик ва қурол-яроғ келишувидан чуқур ташвишланмаслик мумкин эмас. Агар биз барча жиҳатларни ҳисобга олсак, Россия Мудофаа вазирининг Шимолий Кореяга ташрифидан кейинги тенденциялар – Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг яқинда бир қатор ҳарбий заводларга ташрифи, унга Россия сафарида ҳамроҳлик қилаётганлар рўйхати, Россиянинг Шимолий Кореяга сунъий йўлдош яратишда ёрдам бермоқчилиги томонларнинг у ёки бу шаклда ҳарбий иттифоқ тузишига ишора”, дейди вазир.
У яна бир бор Россия ва Шимолий Кореяни халқаро меъёрларга, жумладан, БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларига риоя қилишга, Москва ва Пхеньяннинг яккаланишига олиб келувчи “ноқонуний ҳаракатлар”дан воз кечишга чақирган.
Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик учинчи давлатларга қарши қаратилган эмаслигини айтган. Унинг сўзларига кўра, Россия БМТнинг масъулиятли аъзоси бўлиб қолади, шу билан бирга у энг яқин қўшниси сифатида КХДР билан муносабатларни ривожлантиради.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ким Чен Ин Пхеньяндан жўнаб, Россияга махсус поездда йўл олганди. Кеча, 12 сентябрь куни Россияга келган Ким Чен Ин Табиат вазири Александр Козлов ва Приморск ўлкаси губернатори Олег Кожемяко билан музокара ўтказди. Бугун, 13 сентябрда Шимолий Корея етакчиси Президент Путин билан “Восточний” космодромида учрашди. Улар қисқа суҳбатдан сўнг космодромдаги объектларни кўздан кечирди. Кейин эса давлат раҳбарлари бошчилигидаги делегацияларнинг музокаралари бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Ким Чен Ин шарафига расмий тушлик уюштирилди.
Асадбек Комилов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь