Шойгу Ким Чен Инга ракеталар ва бомбардимончи самолётларни кўрсатди (видео)

Олам

image

Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инга Владивостокда Тинч океани флоти “Маршал Шапошников” фрегатини намойиш қилди. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.

“Маршал Шапошников” фрегатининг ракета тизимлари ва артиллерия қурилмалари Владивостокга ташриф буюрган КХДР етакчиси Ким Чен Инга намойиш этилди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Шимолий Корея етакчисига “Уран” ракета комплекслари ва “Калибр” универсал қанотли ракета тизимлари, шунингдек, А-190 100 мм автоматик артиллерия мосламаси кўрсатилган.

Бундан ташқари, Россия Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондони адмирал Николай Евменов Ким Чен Ин ва Сергей Шойгуга модернизация қилинган фрегат билан жиҳозланган замонавий Россия денгиз ракета ва артиллерия қуролларининг хусусиятлари ҳақида гапириб берган.

Мудофаа вазирлигининг аниқлик киритишича, ушбу қурол фрегатга замонавий сув ости кемалари билан самарали курашиш, шунингдек, узоқ масофаларда ер усти душманлари билан жанг қилиш имконини беради. Бундан ташқари, кема қирғоқ чизиғидан жуда узоқда жойлашган объектларга аниқ зарбалар беришга қодир.

Шу куни Шойгу ва Ким Чен Ин Приморедаги Кневич аэродромига ҳам ташриф буюрган. У ерда уларга “Кинжал” гипертовушли ракета тизими кўрсатилган. Россия Аэрокосмик кучлари узоқ масофали авиация қўмондони генерал-лейтенант Сергей Кобилаш Ким Чен Инга ҳозирда “дунёда ўхшаши йўқ” ракета тизимининг парвоз кўрсаткичлари ҳақида маълумот берган.

Шунингдек, Россия Мудофаа вазирлиги раҳбари ва КХДР раҳбари Ту-160, Ту-95МС ва Ту-22М3 стратегик ракета ташувчи бомбардимончи самолётларини кўздан кечирган.

Шундан сўнг, Ким Чен Ин Маринский театрининг Приморск саҳнасидаги “Уйқудаги гўзал” балетига келган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 сентябрь куни Ким Чен Ин Юрий Гагарин номидаги Комсомольск-Амур авиация заводининг муҳандислик маркази ва ишлаб чиқариш цехлари ҳамда у ердаги қирувчи самолётлар билан танишганди. У Су-35 қирувчисининг кўргазмали парвозини ҳам томоша қилганди. Жорий йилнинг июль ойида Сергей Шойгу Пхеньянга борганида Ким Чен Ин унга Шимолий Кореянинг энг сўнгги учувчисиз самолётлари ва қитъалараро баллистик ракеталарини кўрсатганди.

Ким Чен Иннинг Россияга сафари ва Президент Владимир Путин билан учрашуви ҳақида тайёрланган видеони QALAMPIR.UZ'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made