Россия Ким Чен Инга қирувчи самолётларини “кўз-кўз қилди” (видео)
Олам
−
15 Сентябрь 2023
11560Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга расмий ташрифи доирасида Юрий Гагарин номидаги Комсомольск-Амур авиация заводининг муҳандислик маркази ва ишлаб чиқариш цехлари ҳамда у ердаги қирувчи самолётлар билан танишди. Бу ҳақда Россия ҳукумати сайтида маълум қилинди.
КХДР раҳбарига Россия Федерацияси ҳукумати раиси ўринбосари – Саноат ва савдо вазири Денис Мантуров ҳамроҳлик қилган. Ким Чен Ин авиация заводида Су-35 самолётларининг якуний йиғиш цехи ва бешинчи авлод Су-57 самолёт мажмуасини кўздан кечирган.
Аниқлик киритилишича, меҳмонларни Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган завод ишчиларининг Шон-шараф ёдгорлиги ёнида завод ходимлари кутиб олган. Муҳандислик марказининг фахрий меҳмонлари фотогалереясида КХДР раиси Ким Чен Ирнинг 2002 йил август ойида заводга ташрифи акс этган суратлари намойиш этилган. Шунингдек, корхонанинг дизайн бўлимида муҳандислар замонавий самолётларни яратишда қўлланиладиган рақамли технологияларни тақдим этган.
Кейин КХДР раҳбари Superjet -100 (SJ 100) самолётидаги ишлар билан танишган. Меҳмонларга импорт ўрнини босувчи Superjet -100 самолётлари бўйича ҳамкорлик доирасида амалга оширилаётган ишлар кўрсатилган.
Ким Чен Ин Су-35 қирувчисининг кўргазмали парвозини ҳам томоша қилган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу жорий йилнинг июль ойида Пхеньянга борганида Ким Чен Ин унга Шимолий Кореянинг энг сўнгги учувчисиз самолётлари ва қитъалараро баллистик ракеталарини кўрсатганди.
LiveБарчаси