Ким Чен Ин Шойгуга янги дронларини “кўз-кўз қилди”

Олам

image

Кеча, 26 июль куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Пхеньянда Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу бошчилигидаги Россия ҳарбий делегацияси билан учрашди. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Айтилишича, Россия Мудофаа вазири Ким Чен Инга Россия Президенти Владимир Путиннинг шахсий мурожаатини топширган. Шимолий Корея раҳбари эса етказилган хабар учун миннатдорлик билдирган. Шунингдек, Шойгу ва Ким Чен Ин ўзаро совғаларни алмашган.

Манбага кўра, томонлар миллий, минтақавий ва халқаро хавфсизлик масалалари юзасидан фикр алмашган. Икки томоннинг муҳокама қилинган масалалар бўйича баҳолари бир-бирига тўғри келган.

Ким Чен Ин ва Шойгу Пхеньянда бўлиб ўтаётган 2023 йилги қурол-яроғ кўргазмасига ҳам борган. Улар биргаликда замонавий қуролларни кўздан кечирган, жаҳон тенденциялари ва қуролларни ривожлантириш стратегияларини муҳокама қилган. Сергей Шойгу билан суҳбат чоғида Ким Чен Ин “империалистларнинг зўравонликлари ва ўзбошимчаликлари”га қарши курашда томонларни қизиқтирган масалалар юзасидан ўз фикрини билдирган. КХДР етакчиси “Россия армияси ва халқи кучли давлат барпо этиш йўлидаги курашда катта муваффақиятларга эришишига” ишонч билдирган.

Бундан ташқари, Ким Чен Ин Россия Мудофаа вазирига энг сўнгги учувчисиз самолётлар ва қитъалараро баллистик ракеталарни кўрсатган. Буни Марказий телеграф агентлиги томонидан чоп этилган фотосуратлар тасдиқлайди. Тасвирларда илгари ҳеч қаерда кўрилмаган камида иккита учувчисиз самолёт акс этган. Уларнинг ташқи дизайни Американинг MQ-9 Reaper ва Global Hawk разведкачи дронига ўхшаш. Фотосуратларда, шунингдек, КХДР жорий йилнинг апрель ва июль ойларида синовдан ўтказган “Хвасон-17” қитъалараро баллистик ракетаси ва қаттиқ ёнилғи двигателига эга сўнгги “Хвасон-18” ракетаси ҳам кўрсатилган. 

Маълумот учун, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу бошчилигидаги делегация Корея урушидаги ғалабасининг 70 йиллигини нишонлаш маросимида иштирок этиш учун КХДРда бўлди. Унинг сафари бугун, 27 июль куни ўз якунига етади.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ким Чен Ин Шимолий Корея Сергей Шойгу Пхеньян

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made