Блинкен Хитойга борди
Олам
−
24 Апрель
3457АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен бугун, 24 апрель куни Хитойга амалий ташрифини бошлаб, Шанхайга етиб борди. Бу ҳақда China Media Corporation хабар берди.
Блинкен 24-26 апрель кунлари Хитойда бўлади. Бу Блинкеннинг АҚШ Давлат котиби сифатидаги фаолияти давомида Хитойга иккинчи ташрифидир. Ташриф чоғида Блинкен "юқори мартабали Хитой расмийлари", хусусан, Ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашиши кутилмоқда.
Блинкеннинг Хитойга ташрифи олдидан ўтказилган брифингда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Қўшма Штатлар Хитой ва Россия ўртасидаги нормал муносабатларни қораламаслиги кераклигини таъкидлаган. Пекин, шунингдек, АҚШни хитойлик компаниялар ва шахсларга нисбатан бир томонлама санкциялар қўллашни тўхтатишга чақирган. Бундан ташқари, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Қўшма Штатларнинг Тайванга қурол етказиб беришни давом эттиришига йўл қўйиб бўлмаслигини қўшимча қилган.
АҚШ Давлат департаменти вакили эса Блинкеннинг сафари юзасидан махсус брифингда Давлат котиби "сўнгги икки йил ичида АҚШ ва Хитой ўртасидаги интенсив дипломатик алоқаларни давом эттириш учун" Шанхай ва Пекинга ташриф буюришини билдирган.
Блинкеннинг Хитойдаги музокараларининг асосий мавзулари орасида Украинадаги можаро, Яқин Шарқ ва Осиё-Тинч океани минтақасидаги вазият, инсон ҳуқуқлари ва Тайван бўғозидаги вазият каби масалалар бўлиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Financial Times” нашри Блинкен Пекинни Москвага ҳарбий ёрдам ва икки томонлама технологияларни етказиб беришни тўхтатмаса, Оқ уй томонидан жазоланишидан огоҳлантирмоқчи эканини ёзганди.
LiveБарчаси