Блинкен Хитойга нохуш хабар билан боряпти – FT
Олам
−
21 Апрель
18486Жорий йилнинг 24-26 апрель кунлари АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Хитойга бориши кутилмоқда. Ушбу ташриф чоғида у Пекинни Москвага ҳарбий ёрдам ва икки томонлама технологияларни етказиб беришни тўхтатмаса, Оқ уй томонидан жазоланишидан огоҳлантирмоқчи. Бу ҳақда "Financial Times" нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Хитойнинг Россияга унинг саноат базасини қайта тиклашга ёрдам берадиган чиплардан тортиб, қанотли ракета двигателларигача бўлган технологияларни етказиб бераётганидан хавотирда.
Ўтган ҳафта Капри шаҳрида бўлиб ўтган G7 Ташқи ишлар вазирларининг йиғилишидан сўнг, Блинкен Хитой Россиянинг мудофаа саноатини қўллаб-қувватлаётганини қоралаган.
“Хитой “қизил чизиқ”ни ошкора кесиб ўтмаётган ва Россияга тўғридан тўғри қурол ёки ўқ-дорилар етказиб бермаётган бўлса-да, Блинкен Вашингтон ҳамда унинг иттифоқчилари Пекинни яширин равишда урушга "мой сепаётгани"дан огоҳлантирмоқчи”, деб ёзади нашр.
АҚШ Давлат котиби қандай “жазо чоралари” қўлланилишини очиқламаган, бироқ FT'нинг бир нечта манбаларига кўра, Оқ уй Хитой молия институтлари ва бошқа ташкилотларга қарши санкция қўллаш масаласини кўриб чиқмоқда.
Ўтган ҳафта бир қатор Ғарб нашрлари АҚШ расмийларига таяниб, Хитой Россиянинг мудофаа саноатини дрон ва ракета технологиялари, сунъий йўлдошдан олинган суратлар ва жиҳозлар билан таъминлаётгани ҳақида ёзган эди. Жумладан, 2023 йилда Россия томонидан импорт қилинган чипларнинг 90 фоизи Хитойдан юборилган ва улар ракеталар, танклар, самолётлар ишлаб чиқаришда ишлатилган. Шунингдек, йилнинг сўнгги чорагида баллистик ракета ишлаб чиқаришда қўлланилиши мумкин бўлган дастгоҳларнинг 70 фоизи Хитойдан импорт қилинган.
LiveБарчаси