Блинкен кейинги ҳафта Хитойга боришни режалаштиряпти – Politico
Олам
−
09 Июнь 2023
3616АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен келаси ҳафта Пекинга ташриф буюришни режалаштиряпти, ҳозирда сафар тафсилотлари ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда кеча, 8 июнь куни “Politico” газетаси ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Унга кўра, Америка дипломатияси раҳбари Яқин Шарққа сафарини якунлаб, Пекинга боришни режалаштирган.
Аммо айрим манбаларда АҚШ Давлат котибининг Хитойга сафари амалга ошмаслиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси ҳам Блинкеннинг Хитойга бўлажак сафари ҳақида аниқ маълумот берилмаган. Дипломатик миссиянинг матбуот котиби Лиу Пенгю эса Хитой АҚШ билан мулоқот учун очиқ эканини билдириб ўтган.
Америка томони бунгача Молия ва Савдо вазирлари Жанет Еллен ва Жина Раймондонинг Хитойга ташрифларини ташкил этиш истаги борлигини бир неча бор билдирган. Бундан ташқари, Оқ уй АҚШ Президенти Жо Байденнинг ХХР раиси Си Цзиньпин билан телефон орқали мулоқот қилиш истагини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи охирида АҚШ осмонида Хитойга тегишли “жосус ҳаво шари” аниқлангач, Блинкен Хитойга ташрифини номаълум муддатга ортга сурганди. 4 февраль куни эса Хитой шари АҚШ ҳаво ҳудудида ракета билан уриб туширилганди.
LiveБарчаси