Блинкен ҲАМАС “ўз мажбуриятларидан воз кечгани” сабабли яна уруш бошланганини айтди
Олам
−
02 Декабрь 2023
3412АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҲАМАС “ўз мажбуриятларидан воз кечгани” сабабли жанглардаги пауза тугаганини айтди. Бу фикрни у Дубайдаги Ал-Мактум аэропортида билдирди.
Блинкеннинг сўзларига кўра, пауза тугашидан олдин ҲАМАС Қуддусда ҳужум уюштириб, уч кишини ўлдирган ва америкаликларни яралаган.
Унинг иддао қилишича, ҲАМАС баъзи гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ўз мажбуриятларидан воз кечган.
Шунингдек, Блинкен гуманитар паузадан сўнг Исроилга Ғазо фуқароларини аниқ ҳимоя қилиш ва келажакда инсонпарварлик ёрдамини давом эттириш зарурлигини айтганини билдирган.
“Биз барча гаровга олинганларни уйга қайтаришга эътиборимизни қаратганмиз. Биз аввалгидек бу можаронинг бошқа жойларда тарқалиши ва кучайишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқдамиз”, дейди АҚШ Давлат котиби.
Эслатиб ўтамиз, 7 октябрь куни ҲАМАС-Исроил ўртасида қуролли тўқнашувлар авж олган бўлса, орадан беш кун ўтиб, 12 октябрда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилга борганди. У Исроилдан сўнг Иордания, Қатар, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Мисрда ҳам бўлди ва ушбу давлатларнинг расмийлари билан Исроил-Фаластин масаласини муҳокама қилди.
Араб давлатларига қилган сафаридан сўнг, Энтони Блинкен 16 октябрь куни Исроилга қайтиб борган. Орадан кўп ўтмай, 3 ноябрь куни Блинкен можаро фонида учинчи марта Исроилга бориб, Бош вазир Биньямин Нетаньяху, Президент Ицхаак Герцог ва бошқа расмийлар билан учрашганди. 30 ноябрь куни эса Блинкен яҳудий давлатига тўртинчи маротаба ташриф буюрди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь