Ташвишлантираётган масала – маблағнинг тўғри ишлатилиши – Умрзоқов

Жамият

image

Ўзбекистонда 2021 йил автомобиль йўлларини таъмирлаш учун қарийб 800 миллион доллар ажратилиши режалаштириляпти. Бу ҳақда Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов ОАВ вакиллари билан мулоқот вақтида айтиб ўтди.

Унга кўра, Ўзбекистондаги нафақат халқаро, балки барча 4 тоифадаги йўллар, кичик ва ички йўллар ҳам абгор аҳволда қолмоқда. Бу одамлар ҳаётига, инвесторлар ва ташқи савдога ҳам бевосита таъсир қилади.

“Бу борада жуда кўп ўрганишлар олиб борилган. Инвесторларнинг қарорига тўғридан-тўғри таъсир қиладиган бир нечта омиллар бор, йўлларни сифати бу омилларнинг биринчи ўнталигига киради. Чунки йўл жуда катта ва муҳим омил ҳисобланади. Бу масалада қиладиган ишларимиз жуда кўп, тизимлироқ муаммоларимиз бор”, дейди вазир Умрзоқов.

У бугунги кунда мамлакатдаги йўлларнинг асосий қисми бюджет ва ташқи қарз маблағлари ҳисобига таъмирланаётганини таъкидлади, аммо бундан жиддий масала ҳам бор. Бу – ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.

“Тан олиш керак жуда ҳам кўп йўлларимиз давлат бюджети ҳисобига таъмирланади, яна ҳам кўпроқ қисми ташқи қарз хисобига молиялаштирилади. 2021 йилда 798 миллион долларлик ишлар режа қилинган. Бу маблағнинг манбаси бор, лекин бизни ташвишга солаётган масала – бу маблағнинг қанчалик тўғри ишлатилиши. Пул сарфланиши қанчалик шаффоф, қанчалик тежамкор ва сифатли бўлади ҳамда табиийки, муддат нуқтаи назаридан эътибор бериладими? Ўзбекистонда қилинадиган ишнинг тан нархини оладиган бўлсак, бу йил мустақилликнинг 30 йиллиги нишонланади, лекин бу даврда халқаро тендрларда қатнашиб, халқаро аҳамиятдаги йўлларни таъмирлаш ёки реконструкция қилиш салоҳиятига эга бўлган қурилиш компаниялари шаклландими, йўқми, деган саволга жавоб беришимиз мумкин.

Очиқ айтишим керак, бу сохада нохуш ҳолатларга йўл қўйилган. Президентнинг алоҳида қарори билан 1 январдан бошлаб янги тизим яратиляпти. Имкон қадар тежамкорлик, шаффофлик ва сифатни таъминлаш учун ишлар олиб борилмоқда. Ҳозир Вазирлар Маҳмамасининг лойиҳаси якуний паллада. Янги агентлик тузиляпти. У агентлик янги штат бирликлари ҳисобига эмас, мавжуд давлат тизимлардаги штат бирликларини мақбулаштириш орқали тузилмоқда. Агентлик халқаро ташкилотлардан жалб қилинган маблағлар, шу жумладан йўл қурилишига жалб қилинган маблағларни ишлатилишдаги шаффофликни, иқтисодий нуқтаи назардан мақсадга мувофиқ эканлиги ва тежамкор эканини таъминлаш учун тузилади”, дейди Умрзоқов.

Бош вазир ўринбосари мамлакатда йўлларга биринчи масъул ташкилот Транспорт вазирлиги эканини эслатиб, дастурлар мазкур идора томонидан тайёрланишини айтиб ўтди. У ўзи раҳбарлик қилаётган вазирлик маблағ жалб қилишга жавобгар бўлади.

“Йўлларга биринчи навбатда масъул вазирлик бу Транспорт вазирлиги ҳисобланади, улар томонидан дастур шакллантирилади, биз томонимиздан эса маблағлар жалб қилинади. Яна бир жиҳатини мисол тариқасида айтиб бермоқчиман. Хоразмда ишладик, тарихда биринчи мартта ички йўлларда маҳаллалар аҳолисининг фикрини инобатга олган ҳолда, 2021 йил дастурини қуйидан шакллантирдик. Бир маҳаллани қайси йўлини тамирлаш керак бўлса, айнан ўша маҳалла аҳли айтади. Бундан ташқари, яна шу маҳаллада истиқомат қиладиганлардан бир нафарини ўз хоҳишига қараб пудратчи ташкилотларга ҳам бириктирилади ва бирга ишлашади. Кечирасиз-ку, ўз кўчасини таъмирлайдиган одам ўғирлик қилмайди, чунки кўчанинг таъмири унинг фарзанди, ота-онаси учун бўлади. Шу сабабли пастга тушиб, реал ҳолатларни кўриб, дастурларни шакллантирадиган бўлсак, бунинг самараси бўлади”, дейди Сардор Умрзоқов.


Мақола муаллифи

Теглар

Сардор Умрзоқов

Баҳолаганлар

60

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг