Биз Россия ҳужумига тайёрмиз – НАТО
Олам
−
19 Январь
11545НАТО Россиянинг эҳтимолий ҳужумига тайёр. Бу ҳақда кеча, 18 январь куни Брюсселда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида альянс Ҳарбий қўмитаси раиси Роб Бауэр ва Европадаги иттифоқчи кучлар олий қўмондони Кристофер Каволи маълум қилди.
"Биз мудофаа иттифоқимиз, шунинг учун биз тайёр бўлишимиз керак ва тайёрмиз ҳам. Шу билан бирга, биз ҳарбий имкониятларимизни оширяпмиз, маълум соҳаларда кўпроқ малакага эга бўлган ходимларни кўпайтирдик", деган Бауэр.
НАТО қўмондонлиги вакиллари альянс стратегияси ва режаларида икки таҳдид – Россия ва террорчи гуруҳлар тасвирланганини эслатди.
"Биз ишлаб чиққан ва Вильнюсда маъқулланган режаларимиз Россиядан келаётган таҳдидга қарши туришга қаратилган", дейди НАТО Ҳарбий қўмитаси раҳбари.
Ўз навбатида, Каволи ҳам НАТО бунга тайёр эканини билдириб, февраль ойида сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик тўрт ойлик машқлар бошланганини эълон қилди. 90 мингга яқин одам иштирок этадиган мазкур машғулотларда "деярли тенг душман" билан можаро симуляция қилинади. Манёврлар Норвегиядан Руминиягача бўлган Европа ҳудудини қамраб олади. DPA агентлиги маълумотларига кўра, “Steadfast Defender” манёвр сценарийси Россиянинг иттифоқдош ҳудудга ҳужуми бўлиб, бунда НАТО жамоавий мудофаа шартномасининг 5-моддасини ишга солади.
Бауэрнинг сўзларига кўра, машғулотларнинг бундай кўлами альянснинг салоҳияти намойишидир.
“Бу биз бутун иттифоқ бўйлаб, океан ортига, Америка Қўшма Штатларидан Европагача бўлган ушбу миқёсдаги машқларни жойлаштиришимиз ва ўтказишимиз мумкин бўлган рекорд миқдордаги қўшиндир”, дейди у.
Маълумот учун, 17 ва 18 январь кунлари Брюсселда НАТОнинг юқори мартабали ҳарбий раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ “Bild” нашри Германия Қуролли кучларининг яширин ҳужжатига таяниб, 2025 йилнинг ёзида НАТО ва Россия ўртасидаги уруш бошланишини прогноз қилганди. НАТО стратегик алоқалар маркази директори Янис Сартс эса “Bild”нинг мақоласида альянс имкониятларини синаб кўриш учун “хаёлий вазият” билан машғулотлар сценарийси тасвирланганини маълум қилди. Эстония Бош вазири Кая Каллас эса Россия 3-5 йил ичида яна НАТО давлатларининг шарқий қанотига жиддий таҳдид солишини айтди.
LiveБарчаси