Биз Эроннинг жавобини абадий кутмоқчи эмасмиз – Байден таҳдидомуз огоҳлантириш берди
Олам
−
14 Июль 2022
13865Қўшма Штатлар Эрон ҳукуматига Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси доирасида нималарга рози бўлишга тайёрлигини тушунтирди, аммо уларнинг қарорини абадий кутиш ниятида эмас. Бу ҳақда бугун, 14 июль куни АҚШ Президенти Жо Байден Қуддусда Исроил Бош вазири Яир Лапид билан қўшма матбуот анжуманида айтиб ўтди.
"Биз Эрон раҳбариятига Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси қоидаларини амалга оширишга қайтиш учун нимага рози бўлишга тайёр эканлигимизни айтдик. Биз [Теҳроннинг] жавобини кутмоқдамиз. Бу қачон содир бўлади, қачон келади, аниқ билмайман. Лекин биз абадий кутмоқчи эмасмиз”, дейди Байден.
Шу билан бирга, у Вашингтон маъмурияти Эрон олдига қандай шартлар қўйишига аниқлик киритмади, бунда АҚШ “маълум бир босқич”ни ўрнатиш ниятида ёки ундан кейин ядровий келишувни қайта тиклаш имконияти қолмайди, деган саволга жавоб бермади.
“Улар [бизнинг таклифларимизни] қабул қилиш имкониятига эга. Агар улар буни қилмаса, биз Эроннинг ядро қуролига эга бўлишига йўл қўймаслигимизни мутлақо аниқ биламиз”, дея тасдиқлади Президент.
У ташриф давомида Бош вазир Лапид билан Американинг Эрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслигини таъминлаш мажбуриятини муҳокама қилганини эслади.
“Бу Исроил учун ҳам, Қўшма Штатлар учун ҳам, бутун дунё учун ҳам муҳим хавфсизлик манфаатларидир. Мен ҳали ҳам дипломатия бу натижага эришишнинг энг яхши йўли эканлигига ишонаман”, дейди Америка раҳбари.
Унинг қайд этишича, АҚШ бутун минтақада Эрондан келаётган бошқа таҳдидларга, жумладан, давом этаётган баллистик ракета дастурига ва террорчи гуруҳларга Теҳроннинг ёрдамига қарши туриш учун Исроил билан ҳамкорликни давом эттиради.
Эслатиб ўтамиз, Байден Исроилга сафари чоғида АҚШ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаслиги ва Теҳронни тўхтатиш учун куч ишлатишга тайёр экани, фақат бу охирги чора сифатида қўлланилишини айтган эди.
Маълумот учун, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия 2015 йилда Эрон билан ядровий дастур бўйича инқирозни ҳал қилиш учун ядровий келишувга эришган эди. АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп 2018 йилда ушбу келишувдан чиқишга қарор қилди. Ўша йили Вашингтон Теҳронга қарши қаттиқ санкциялар киритди. Байден бир неча бор АҚШни ядровий келишувга қайтаришга тайёрлигини билдирган.
11 март куни Вена шаҳрида Эрон ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини асл кўринишида тиклаш ва Қўшма Штатларни ушбу келишувга қайтариш мақсадида саккиз раунд музокараларидан сўнг танаффус қилинди. Қўшма Штатлар ва Эрон ўртасида июнь ойи охирида Доҳада ядровий келишувни тиклаш бўйича ўтказилган билвосита музокаралар кутилган натижаларга олиб келмади.
LiveБарчаси