Бир мамлакатда болалик таҳдид остида бўлса, ҳамма жойда хавф остида – Елена Зеленская
Олам
−
21 Сентябрь 2023
4224Украинанинг биринчи хоними Елена Зеленская жаҳон ҳамжамиятидан Россия билан урушдан жабр кўраётган украиналик болаларга ёрдам беришни сўради. У шу мавзуда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Нью-Йоркда бўлиб ўтаётган 78-сессиясининг “Келажак учун кураш: урушда украиналик болалар” мавзусидаги юқори даражадаги тадбирида нутқ сўзлади.
Ушбу тадбирда Зеленскаядан ташқари Австрия, Польша, Литва, Финляндиянинг биринчи хонимлари, Европа Кенгаши Президентининг рафиқаси ва БМТга аъзо мамлакатларнинг бошқа вакиллари иштирок этган.
Биринчи хоним Россия босқини туфайли украиналик болалар азият чекаётганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, босқиннинг бошидан буён Украинада 504 нафар бола ҳалок бўлган, юзлаб болалар эса жароҳат олган.
“Шу кунларда Чернигов шаҳри томон яна бир рус ракетаси учирилиши натижасида олти ёшли Софийка ҳалок бўлганига бир ой бўлди. У дам олиш кунини яқинлари билан шаҳар марказида ўтказаётганди. Бир неча кундан кейин у биринчи синфга бориши керак эди”, деди Президентнинг рафиқаси ўз нутқида.
Бундан ташқари, хонимнинг сўзларига кўра, Россия 19 мингдан ортиқ украиналик болаларни ўғирлаб кетган ва бу маълум бўлганлари холос. Аслида эса, рақамлар бундан ҳам кўп. Айни пайтда Украина 386 нафар болаларни ватанига қайтарган. Шунингдек, Бош прокуратура россиялик ҳарбийлар томонидан содир этилган жинсий зўравонликларнинг 230 дан ортиқ ҳолатини қайд этди. Бу фактларни Украина прокуратураси текширмоқда. Қурбонлар орасида 13 нафар бола ҳам бор: 12 қиз ва 1 ўғил. Энг ёш қурбон атиги 4 ёшда эди.
“Бу фақат қурбонлар ва уларнинг яқинлари терговчиларга айтишга журъат этган ҳолатлардир”, деди у.
Елена Зеленская БМТ вакиллари ва иштирокчи давлатларни украиналик болаларга ёрдам беришга, уларни Россиядан ҳимоя қилишга ва амалий саъй-ҳаракатлар кўрсатишга чақирди.
“Россия томонидан ўғирланган болалар ҳақида маълумот олишга ёрдам беринг. Тажовузкор мамлакатда ассимиляция ва паспортлаштиришни тўхтатишга ёрдам беринг. Россияда болаларни сўроқ қилиш, қийноққа солиш ва қамоққа олишни тўхтатишга ёрдам беринг. Украина аҳоли пунктларини ўққа тутишни тўхтатишга ёрдам беринг. Махсус хавфсиз коридорлар орқали болаларни босиб олинган ҳудудлардан олиб чиқишга ёрдам беринг. Биз бутун дунёни уруш жиноятчилари жазолашга чақирамиз”, дейди Зеленская.
Биринчи хонимнинг билдиришича, украиналик болалар нафақат ўзлари учун, балки бутун дунё учун ҳам ёрдамга муҳтож, чунки бу адолат ва инсон ҳуқуқлари, хусусан, бола ҳуқуқларининг тикланишини англатади.
“Бир мамлакатда болалик таҳдид остида бўлса, демак у ҳамма жойда хавф остида”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, Президент Владимир Зеленский ва унинг рафиқаси 18 сентябрь куни кечқурун Нью-Йоркка етиб келди. Биринчи хоним самолётдан украиналикларнинг ғалаба ва мамлакатнинг тикланиши ҳақидаги орзуларини ифодаловчи нафис костюмда тушиб келган.
LiveБарчаси