Биттадан ортиқ машинаси бор оилалардан кўпроқ солиқ олиш таклиф этилди
Жамият
−
27 Декабрь 2023
11944Ўзбекистонда атмосфера ҳавосининг ифлосланишини олдини олиш мақсадида бирдан ортиқ автомобилга эга оилаларга мол-мулк солиғини кўпроқ тўлаш тартибини жорий этиш таклиф қилинди. Бундай таклифни Ўзбекистон Экологик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Носиржон Аминов билдирди.
Депутат Аминов Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланиш даражаси яхшиланишидан дарак бўлмаётганини, тартибсиз қурилишлар сабабли дарахтлар кесилиши, транспорт воситалари сони кескин ошиб кетиши барибир ўз сўзини айтаётганини билдирган.
“Шаҳарда тартибсиз қурилишларни ёки автомобиллар ҳаракатланишини чекламасак, ўнгланишимиз қийин бўладиганга ўхшаб турибди. Кимгадир ёқар ёки ёқмас, аммо ифлосланган ҳаводан болаларимиз нафас олишига томошабин бўлишдан воз кечиш вақти келди”, дейди Носиржон Аминов.
Шу ўринда депутат қуйидаги таклифларни илгари сурган:
- Қурилиш ишларини ташкил қилиш учун белгиланган “СанПин” талабларига риоя қилмаган қурилишчиларни кескин жавобгарликка тортилиш;
- Пойтахт ҳудудида тирбандликларни бартараф этиш мақсадида автомобилларнинг ҳаракатланишини тартибга солиш ишларини қайта кўриб чиқиш, ҳатто вақтинча бўлса-да шаҳарга киришда айрим чекловларни татбиқ қилиш;
- Атмосфера ҳавосининг ифлосланишини олдини олиш мақсадида бирдан ортиқ автомобилга эга оилаларга мол-мулк солиғини кўпроқ тўлаш тартибини жорий этиш.
“Бир сўз билан айтганда, хусусий автомобилдан фойдаланиш ҳашамдор, жамоат транспортлари қулай ҳамда пиёда йўллари эса замонавий ва хавфсиз ҳолатда бўлиши зарур!” дея хулоса қилган депутат.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров экологияни асраш учун жамоат транспортидан фойдаланишни қулай, тартибли ва арзон қилиб, хусусий транспортларга айрим хизматларни қимматроқ қилиш кераклигини айтганди.
LiveБарчаси