Бишкекда сайлов натижаларига қарши намойиш бошланди
Олам
−
05 Октябрь 2020
10109Бугун, 5 октябрь куни Бишкекда Қирғизистон парламенти учун ўтказилган сайлов натижаларига қарши норозилик намойишлари бошланди. Намойиш Қирғизистон социал-демократлари партияси (ҚСД) тарафдорлари томонидан ўтказилмоқда.
"Биз сайлов натижаларини қонуний деб тан олмаймиз, чунки сайлов пайтида қўпол қонун бузилишларига йўл қўйилган эди", деди ҚСД аъзоси Ирина Карамушкина митинг давомида. Унинг сўзларига кўра, ҳокимият маъмурий ресурслардан фойдаланган ва ғолиб бўлган бир қатор партиялар очиқчасига сайловчиларга пора бериш билан шуғулланган. Шаҳарнинг марказий майдонида бўлиб ўтадиган митингда 100 га яқин одам қатнашмоқда.
Яна бир қанча ютқазган партиялар, шу жумладан "Ота Макон" пойтахтда норозилик намойишлари ўтказиш ниятида эканлигини эълон қилди.
Маълумот ўрнида, кеча, 4 октябрь куни Қирғизистонда навбатдаги парламент сайловлари бўлиб ўтди. Унда рўйхатдан ўтган 3,5 миллион сайловчининг 1,98 миллиони ёки 56,2 фоизи қатнашган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тўртта сиёсий партия 7 фоизлик барьердан ўтиб, мамлакатнинг энг юқори қонун чиқарувчи органининг янги таркибига кириши мумкин. Булар “Бирлик” (24%), “Маконим Қирғизистон” (24%), “Қирғизистон” (8%) ва “Бутун Қирғизистон” (7%) партиялари.
Овоз беришнинг расмий натижалари бюллетенларни қўлда санаб чиқилиб, якуний баённомалар МСКга топширилгандан кейин 20 кун ичида эълон қилинади.
LiveБарчаси