Бишкекда МДҲ давлатлари махсус хизматлари раҳбарлари йиғилди
Олам
−
24 Май
6028Бугун, 24 май куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг 54-мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази хабар берди.
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров раислигида бўлиб ўтган йиғилишда очиқ ва конструктив мулоқот муҳимлиги, кучайиб бораётган таҳдидлар шароитида давлатлар хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларни, разведка хизматларининг ролини кучайтириш, бу борадаги ишларни такомиллаштириш зарурлиги таъкидланган.
Учрашув чоғида уюшган жиноятчилик, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича таклиф ва ташаббуслар, жумладан, 2024 йил 22 март куни Россия Федерациясининг Красногорск шаҳридаги "Крокус Сити Ҳолл"да содир этилган теракт юзасидан ўтказилган тергов натижалари ҳамда минтақавий барқарорлик ва хавфсизликнинг бошқа долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров МДҲ давлатларининг хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари вакиллари олдида сўзлаган нутқида Махсус хизматлар раҳбарлари кенгаши бугунги кунда экстремистик ва террористик таҳдидларга қарши курашда муҳим тузилмалардан бири эканини таъкидлади.
"Ноаниқлик, нотинчлик ва можароларнинг кучайиши билан тавсифланган дунёда давом этаётган ўзгаришлар, шунингдек, жорий йилнинг 22 мартида Москва яқинидаги "Крокус Сити Ҳолл"да кўп сонли қурбонлар билан содир бўлган сўнгги фожиали воқеалар разведка хизматларининг ролини кучайтириш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш ва давлатларимиз хавфсизлигини таъминлашда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлигини яна бир бор намойиш этди”, дейди Қирғизистон Президенти.
Йиғилишда Ўзбекистондан Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов қатнашди.
Иштирокчилар ушбу платформанинг хавфсизлик соҳасида кўп томонлама ҳамкорлик қилиш учун долзарблигини қайд этиб, МДҲ маконида келгусида яқин ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишиб олди. Хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2024 йилнинг иккинчи ярмида Қозоғистонда ўтказилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бишкекдаги мазкур йиғилишда қатнашган Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт буюртмачилари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасидаги муносабатларга путур етказмоқчи бўлганини айтганди. Йиғилишдан сўнг журналистлар билан суҳбатлашган Россия Федерацияси Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин эса АҚШ ва Британия разведка хизматлари Марказий Осиё мамлакатларидаги вазиятни беқарорлаштириш учун террорчи гуруҳлар билан ҳамкорлик қилаётганини айтганди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь