Бишимбаев жазони қандай ўтаётгани айтилди
Олам
−
13 Октябрь 9522 3 дақиқа
Рафиқаси Салтанат Нукенованинг ваҳшийларча ўлдирилишида айбдор деб топилиб, 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев бошқа маҳкумлар билан тенг ва бир хил шароитларда жазо ўтамоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазири ўринбосари, Жазони ижро этиш тизими қўмитаси раиси Абай Қайирбеков маълум қилди.
Қайирбековнинг сўзларига кўра, Бишимбаев бошқа маҳбуслар қатори ахлоқ тузатиш муассасасида сақланмқода.
“Бишимбаев жазони жиноят-ижроия қонунчилигининг барча талабларига мувофиқ, бошқа маҳкумлар билан тенг ва бир хил шароитларда жазо ўтамоқда”, деди Қайирбеков.
Бишимбаевнинг қамоқхонадаги иш жойи ва даромади ҳақидаги саволга вазир ўринбосари жавоб берар экан, у бу маълумотлар шахсий маълумотлар тоифасига киришини айтди.
“Маҳбусларни ишга жойлаштиришга оид саволлар шахсий маълумотлар ҳисобланади ва фақат қариндошлари ҳамда адвокатларига берилади. Умуман олганда, шуни айтишим мумкинки, муассасамиздаги маҳкумларнинг ярмига яқини иш билан таъминланган. Жорий йилда биз иш билан таъминланган маҳкумлар сонини 3000 нафарга оширдик ва бу ишни яна давом эттирамиз”, дея тушунтирди у.
Журналистлар, шунингдек, собиқ вазир алоҳида камерада сақланяптими ёки йўқми, деб сўраган.
“У бошқа маҳкумлар қаторида умумий асосда жазони ўтаяпти. Ушбу маҳкум учун алоҳида шарт-шароит, имтиёз ва талаблар йўқ”, дея таъкидлаган Қайирбеков.
Бишимбаев иши
2023 йилнинг 9 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевнинг турмуш ўртоғи Салтанат Нукенова тан жароҳати олиб, Остонадаги ресторанлардан бирида вафот этди. Суд жараёни очиқ режимда ўтди ва Қозоғистон Республикаси Олий судининг YouTube-каналида онлайн трансляция қилиб борилди. Суд жараёнида ҳакамлар ҳайъати иштирок этди. Май ойи ўрталарида Салтанат Нукеновани ўлдириш ва қийноқлар қўллашда айбланиб, Куандик Бишимбаев 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. май куни Куандик Бишимбаев иши бўйича апелляция шикояти берилган. 11 июнь куни апелляция шикояти Остона судига топширилди. 2024 йил 26 июнь куни Остона суди суд ҳайъати томонидан Куандик Бишимбаев ва Бахитжан Байжановнинг апелляцияси бўйича қабул қилинган қарорни эълон қилди. Ҳар икки маҳкумга нисбатан чиқарилган ҳукмлар ўзгаришсиз қолдирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Куандик Бишимбаевнинг жазони ўзига тайинланган жойда ўтамаётгани, балки бутунлай қочиб кетгани ҳақида тарқалган хабарларга Жиноий жазоларни ижро этиш тизими қўмитаси муносабат билдирганди. Собиқ вазирнинг “ғойиб бўлиши” ҳақида AIRAN журналистлари хабар берганди. Улар суддан сўнг Бишимбаев Аршали қишлоғи яқинидаги колонияга жўнатилиши керак бўлганини айтган. Телеканалнинг суратга олиш гуруҳи колонияда ҳукм қилинган шахс борлигини текширишга борган, аммо уни топа олмаган.
Шу заҳоти ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилиб, собиқ амалдор гўё узоқ вақт озодликда, энг ёмони эса – айни пайтда хориждалиги ҳақида тахминлар пайдо бўлган. Бироқ жазони ижро этиш хизмати Бишимбаевнинг қочгани ҳақидаги маълумотни дарҳол инкор этганди.
Рафиқаси Салтанат Нукенованинг ваҳшийларча ўлдирилишида айбдор деб топилиб, 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаев ўзи жазо ўтаётган колония маъмуриятини судга берганди. У муассаса томонидан рағбатлантирилмаётгани сабаб судга ариза билан мурожаат қилган.