Бишимбаев колонияда йўқлиги ҳақида хабар тарқалди
Олам
−
11 Ноябрь
11547Рафиқасининг ваҳшийларча ўлдирилишида айбдор деб топилиб, 24 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Қозоғистоннинг собиқ миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевнинг жазони ўзига тайинланган жойда ўтамаётгани, балки бутунлай қочиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу ҳақда мамлакатнинг Жиноий жазоларни ижро этиш тизими қўмитаси муносабат билдирди.
Собиқ вазирнинг “ғойиб бўлиши” ҳақида AIRAN журналистлари хабар берганди. Улар суддан сўнг Бишимбаев Аршали қишлоғи яқинидаги колонияга жўнатилиши керак бўлганини айтган. Телеканалнинг суратга олиш гуруҳи колонияда ҳукм қилинган шахс борлигини текширишга борган, аммо уни топа олмаган.
Шу заҳоти ижтимоий тармоқларда шов-шув кўтарилиб, собиқ амалдор гўё узоқ вақт озодликда, энг ёмони эса – айни пайтда хориждалиги ҳақида тахминлар пайдо бўлган. Бироқ жазони ижро этиш хизмати Бишимбаевнинг қочгани ҳақидаги маълумотни дарҳол инкор этган.
“Ижтимоий тармоқларда маҳкум Бишимбаевнинг қочиб кетгани ҳақида ёлғон маълумотлар тарқалмоқда. Бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Маҳкум жазони максимал хавфсизлик даражасидаги муассасада ўтамоқда”, дейилади муносабатда.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Бауржан Мусин эса маҳкум Степногорск шаҳридаги 5-сонли муассасада, тўртинчи отрядда жазо ўтаётганини маълум қилган.
“Мамлакатимизда жазони ўташ жойи ҳам биноларнинг бандлик даражасига қараб танланади. Одам қаерда ўтириши фақат қариндошларига айтилади. Жазони ижро этиш хизмати бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилишга мажбур эмас”, деган Мусин.
Бишимбаевнинг колониядан қочиб кетгани ҳақида ёлғон маълумотлар тарқатилгани бўйича жиноий иш қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 май куни Остона суди мамлакатнинг собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевни 24 йилга озодликдан маҳрум қилди. У ўта шафқатсизларча қотиллик содир этганликда, шунингдек, турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани қийноққа солганликда айбдор деб топилди. Бишимбаевнинг хатти-ҳаракатлари хавфли рецидив сифатида малакаланди. Ҳукм кучга кирса, собиқ вазир жазо муддатининг камида 16 йилини ўтаб, фақат 2040 йилдан кейингина шартли равишда озодликка чиқарилиши мумкин.
Унинг қариндоши Бахитжан Байжанов эса ўта оғир жиноятни яширганликда айбдор деб топилиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум этилди.
Куандик Бишимбаев ўз мурожаатида қилмишларини эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга олиб келган қасддан баданга оғир шикаст етказиш сифатида қайта таснифлашни, иш бўйича иккинчи судланувчи Бахитжон Байжанов эса ўз ҳаракатларида жиноят таркиби йўқлиги сабабли оқлашни сўраган.
LiveБарчаси