Биринчи марта хусусий космик кема Ойга учди
Олам
−
15 Февраль
8432АҚШдаги Intuitive Machines аэрокосмик компанияси томонидан қурилган Ойга қўнувчи қурилма бугун, 15 февраль куни NASA’нинг Канаверал бурнидаги Кеннеди коинот марказидан кўтарилди. Бу ҳақда “Америка овози” хабар берди.
Бу ярим асрдан кўпроқ вақт ичида Ойга қўнган биринчи Америка космик кемаси ва тарихда хусусий компанияга тегишли бўлган биринчи космик кема бўлиши кутилмоқда.
“Одиссей” деб номланган Nova-C қўнувчиси маҳаллий вақт билан соат 01:00 дан (Тошкент вақти билан 11:00) кўп ўтмай, Илон Маскнинг SpaceX компанияси томонидан қурилган Falcon 9 ракетасида коинотга учиб кетган.
NASA ва SpaceX нинг жонли эфирида баландлиги 25 қаватли бинога тенг бўлган икки босқичли ракета учирма майдончасидан кўтарилиб, Флориданинг Атлантика қирғоғи устидаги қоронғу осмонга учаётганини кўриш мумкин.
Дастлаб учириш 14 февраль куни эрталабга режалаштирилган эди, бироқ у қурилмани ҳаракатлантирувчи тизимида ишлатиладиган суюқ метаннинг анормал ҳарорати туфайли 24 соатга кечиктирилди.
SpaceX компанияси муаммо кейинчалик ҳал қилинганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда SpaceX компанияси Crew Dragon космик кемасини биринчи марта Туркия фуқароси бўлган экипаж билан Халқаро космик станцияга учирганди.
LiveБарчаси