Бир уйда яшайдиган оилаларнинг ҳар бирига электр учун алоҳида ҳисобрақам очилиши кутилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда битта хонадонда яшовчи кўп оилаларнинг ҳар бирига электр энергияси бўйича алоҳида ҳисобрақам очиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 11 июль куни ўтказилган пресс-турда “Ҳудудий электр тармоқлари” бошқарув раиси биринчи ўринбосари Алвар Ғайбуллаев маълум қилди.

Ғайбуллаевнинг сўзларига кўра, мамлакатда битта хонадонда тўрттагача истиқомат қилаётган оилалар ҳам мавжуд. 

“Ўзбекистонда битта кадастрга, яъни бир хонадонга битта ҳисобрақам берилади. Бугунги кунда битта кадастр остида яшаётган тўрттагача оилалар ҳам бор. Бундай хонадонда истиқомат қиладиган оилалар бир ойда ҳеч қанақасига 200 кВт/соат электр энергияси ишлата олмайди, камида 800 кВт/соат электр ишлатади. Биз бу бўйича ҳам ўз таклифларимизни берганмиз, бунинг ҳам ечимини топишимиз керак, ҳал қилинмаса бўлмайди”, деди ҲЭТ бошқарув раиси биринчи ўринбосари.

У ечим сифатида қандай таклиф киритилиши ҳақида айтиб берди.

“Масалан, битта хонадонда уч ёки тўртта оила яшаяпти. Бизнинг таклифимиз шундайки, ўша оилаларга алоҳида-алоҳида ҳисобрақам очиш ёки ижтимоий соҳа билан боғлаган ҳолда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан биргаликда ечим топиб бериш, яъни ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги сабабли тўртта оила битта ҳовлида турибди, биз уларга 200 кВт/соат эмас, 800 кВт/соат электр энергияси ишлатгани учун катта пул ҳисоблаб қўйяпмиз. Шу каби ҳолатларга адолатли ечим топиш учун таклифимизни берганмиз: битта оилага битта ҳисобрақам очиш керак, яъни хонадон кадастри битта ва унинг пастида cубистеъмолчи сифатида алоҳида ҳисоб-китоб қилиш керак. Бу масалага барибир ечим топилади”, деди Ғайбуллаев.

Эслатиб ўтамиз, 1 август санасидан бошлаб электр энергиясини ҳисоблашда янги биллинг тизимига ўтилиши айтилганди. Шунингдек, ноябрь ойида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига куз-қиш мавсуми учун электр энергияси тўлови тўлаб берилиши билдирилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

электр

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг