Бир сутка ичида яна бир вояга етмаган бола ЙТҲ қурбони бўлди
Жамият
−
31 Май 2020
8022Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманида 19 ёшли ҳайдовчи 13 ёшли вояга етмаган болани уриб кетган. Оқибатда 2007 йилда туғилган бола шифохонада вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 30 май куни соат 19:50 ларда, Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани, Нурафшон Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи 4К-319 "Танхоз-Яккабоғ-Эсат-Қозок" автомобиль йўлининг 6 км.да ҳайдовчи, 2001 йилда туғилган Б.Р. (эркак) "Комби-Москвич-ИЖ" русумли транспорт воситасини Яккабоғ шаҳри йўналиши томон бошқариб бораётиб, йўлнинг чап томонидан ўнг томонига югуриб ўтаётган пиёда, 2007 йилда туғилган Ғ.Т.ни уриб юборган. Сўнгра йўлнинг чап томонидаги каналга ағдарилиб, ЙТҲ содир этган.
Натижада, пиёда 13 ёшли Ғ.Т. (ўғил бола) оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Яккабоғ туман ИИБ ТБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Бу бир сутка ичида Ўзбекистон ҳудудида вояга етмаганнинг ўлими билан якун топган иккинчи ЙТҲ ҳисобланади. Аввалроқ, Жиззахда 6 ёшли бола ЙТҲ қурбони бўлган эди.