Бир оиланинг 5 аъзоси ис газидан заҳарланиб, вафот этди
Жамият
−
19 Декабрь 2023
9528Қорақалпоғистонда бир оиланинг 5 нафар аъзоси кечаси уйқуда ис газидан заҳарланиб, вафот этди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ'га Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Унга кўра, жорий йилнинг 15 декабрь куни соат 11:45 лар чамасида Чимбой тумани, “Кеңес” ОФЙ ҳудудида яшовчи фуқаро М.Бердаховнинг қўшнилари унинг ўзи ва 6 нафар оила аъзосининг ҳушсиз ётганлигини пайқаб қолган.
Шу пайтнинг ўзидаёқ тез тиббий ёрдам шифокорлари чақирилиб, текширилганида ушбу хонадонда яшаган 1957 йилда туғилган М.Бердахов, 1961 йилда туғилган З.Мамутова, 1986 йилда туғилган С.Бердахова, 2008 йил туғилган А.Артикбаева ва 2011 йилда туғилган М.Артикбаевлар вафот этгани маълум бўлган.
Шунингдек, 1995 йилда туғилган Т.Оскинбаев, 2000 йилда туғилган А.Бекмуратовалар оғир аҳволдалиги аниқланиб, туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
"Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, ушбу ҳолатда ис газидан заҳарланиш аломатлари мавжуд бўлиб, хонадоннинг иситувчи қозонхонаси уй ичида ёниб тургани аниқланди. Мазкур ҳолат бўйича Чимбой тумани прокуратураси томонидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиб, терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда ва ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда", дейилади бу ҳақдаги хабарда.
LiveБарчаси