Аляскадаги учрашувга бир неча соат қолди

Таҳлил

Россияликлар Аляскага бирин-кетин етиб бормоқда. Биринчилар қаторида ҳар доимгидек сиёсий тадбирни ёритишга масъул журналистлар ўз ўрнига жойлашиб олгани айтилмоқда. РИА Новости Владимир Путин ва Дональд Трампнинг учрашувини ёритиш учун Алясканинг Анкориж шаҳрига келган россиялик журналистлар Аляска ҳаво йўллари маркази – кўп функцияли аренага жойлаштирилгани ҳақида хабар берди.

Шу пайтгача россияликларнинг Аляскага боришида қатор қизиқ воқеликлар содир бўлди. Жумладан, Кремлнинг ашаддий пропагандачиси Маргарита Симоньян ўзининг Telegram-каналида россиялик журналистлар самолёт махсус бортида Киев котлети билан меҳмон қилинганини ёзган бўлса, Анкорижга расмийлар ичидан биринчилардан бўлиб етиб келган Лавров яна провокацион тарзда кўриниш берди. Молия вазири Антон Силуанов билан келган Лавров “СССP” ёзуви туширилган уст-бош билан оммага кўрингани қатор муҳокамаларга сабаб бўлди.

Энди фақат Президентлар ташрифи кутилмоқда. Учрашув жойи ҳам, вақти ҳам аниқ. Музокара Аляскада жойлашган АҚШнинг Эльмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида Қўшма Штатлардаги маҳаллий вақт билан тушки соат 11:30 да, Москва вақти билан эса кечки 21:30 да бошланади. Бу эса Тошкент вақти билан тунги соат 23:30 га тўғри келади.

Йиғилиш кун тартиби эса қуйидагича: дастлаб, Владимир Путин ва Дональд Трамп яккама-якка гаплашиб олишади. Ундан кейин делегациялар иштирокида учрашув ўтказилади. Музокаралар якунида эса икки етакчи матбуот анжуманида қатнашади. Делегациялар таркиби ҳам аллақачон эълон қилинган. Россия томонидан Президент Владимир Путин, Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Мудофаа вазири Андрей Белоусов, Молия вазири Антон Силуанов ва Президентнинг хорижий давлатлар билан сармоя ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Кирилл Дмитриев иштирок этади.

АҚШ ҳам бундай жиддий музокарада ўзининг доимий ва ўзгармас таркиби билан қатнашади. Дональд Трамп билан биргаликда вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс, Давлат котиби Марко Рубио, Молия вазири Скотт Бессент ҳамда Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф 15 август оқшомида Путиннинг Украинанидаги босқинини тўхтатишга ҳаракат қилади.

Эътиборли жиҳати шундаки, Россиянинг бу галги таркибида жорий йил Туркияда Украина билан ўтказилган бир неча раундли музокараларда Истанбулга “ўйнаб келиш” учун юборилган Мединский мавжуд эмас. Чунки у Россия муҳим деб ҳисоблайдиган учрашувларга юбориладиган делегацияга раҳбарлик қилиш учун вариант ҳам эмаслиги олдиндан маълум эди. Шунинг ўзи Кремлнинг Истанбулда Украина билан ўтган кўп раундли музокараларга “панжа ортидан” қараганини исботлайди. Демак, бу сафар барчаси жиддий ўтиши эҳтимоли жуда юқори. Устига-устак, Трамп Аляска саммитидан жуда ижобий натижалар кутмоқда. У Путин билан музокаралардаги муваффақият эҳтимолини 75 фоиз деб баҳолагани ҳам бежиз эмас.

Икки томон ҳам ушбу саммитнинг асосий масаласи Украина эканини таъкидлади. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт ҳам, Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков ҳам Аляскадаги энг устувор масала Украина инқирози бўлишини маълум қилганди.

Аммо делегациялар таркибида ҳарбий ва сиёсий мавзулардан узоқроқ бўлган мулозимлар етарлича. Масалан, Владимир Путин Молия вазири Антон Силуанов ҳамда хорижий давлатлар билан сармоя ва иқтисодий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Кирилл Дмитриевни бежиз ўз ортидан эргаштириб келмаётгани аниқ. АҚШ томонда ҳам Скотт Бессентнинг ўз вазифалари борлиги табиий. Чунки Трамп жорий инаугурациясидан кўп ўтмай, Россия ва АҚШ расмийлари Истанбул ва Ар-Риёдда бир неча бор учрашиб, жуда кўплаб соҳаларда алоқаларни тиклаш ва ҳамкорлик қилишга аста-секин йўл очишни бошлаганди. Аляскадаги жиддий учрашув Украина масаласи билан бирга, ўша ишларининг ҳам мантиқий давоми бўлади. Чунки делегация таркиби шунга ишора қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Владимир Путин Дональд Трамп Сергей Лавров Аляска Стив Уиткофф Анкориж Эльмендорф-Ричардсон ҳарбий базаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг