Биламан, бу нозик масала – АҚШ ортидан Британия элчиси ҳам Бозоров калтакланганига муносабат билдирди
Жамият
−
30 Март 2021
27822Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Тим Торлот Тошкентда бесоқолбозлик – ЛГБТ ғояларини ҳимоя қилиб келаётган блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланганига муносабат билдирди.
“Ўтган дам олиш кунидаги намойишларда бу қадар ғазабни кўриш ачинарли. Биламан, бу нозик масала. Аммо турфа қарашли жамиятлар – кучли жамиятлардир. Шунингдек, блогер ва журналистларга куч ишлатишни ҳеч қандай шаклда оқлаб бўлмайди. ОАВ эркинлигини ҳимоя қилиш керак”, деган элчи Торлот.
Аввалроқ, АҚШнинг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Даниэль Розенблюм ҳам блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланганига муносабат билдирганди. АҚШ элчиси Ўзбекистон ҳукуматидан ҳодисани суриштиришни сўраганди.
Гап шундаки, бир неча кун олдин блогер Миразиз Бозоров ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаси орқали ҳар ҳафтанинг жума куни ЛГБТ тарафдорларини Тошкентнинг “Ҳазрати имом” мажмуаси майдонида тўпланишга чақирди. Орадан кўп ўтмай, унинг 28 март куни Амир Темур хиёбонида тўпланиш таклифини билдирган мурожаати ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди. Мурожаат ортидан майдонга бесоқолбозлик – ЛГБТга қарши бўлган жамоатчилик вакиллари йиғилди. Тартибга солинмаган намойишларда юзага келган ҳолат сабаб 12 киши қўлга олинди. Уларга нисбатан жиноий иш очилди. Айни вақтда ўзбекистонлик расмийлар ва жамоатчилик одамларни вазиятга оғир-босиқлик билан муносабатда бўлиш, масалани ўта конструктив музокара йўли билан ҳал қилишга ундамоқда.
Шу куни блогер уйи олдида ўласи қилиб дўппосланди. ИИВ ҳолатга муносабат билдириб, ЛГБТ тарафдорларини намойишга чорлаётган Миразиз Бозоров ташқи кучлар томонидан қўллаб-қувватланаётганини айтиб чиқди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бесоқолбозлик масаласи Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мамлакат Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўраб мурожаат йўллаганидан сўнг кун тартибига чиқди.
Айни вақтгача бесоқолбозлик бўйича Human Rights Watch сўровига депутатлар Расул Кушербоев, Алишер Қодиров ва Ислом цивилизацияси маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бош мутахассиси Аброр Мухтор Алий, таниқли олим Мубашшир Аҳмад ҳам муносабат билдирди. Улар бесоқолбозликка оид модданинг жиноят кодексидан чиқариб юборилиши ҳам сиёсий, ҳам диний йўқотишларга сабаб бўлишини урғулаган.
LiveБарчаси